Мўйноқ тумани ҳокими ёшлар билан учрашди

11:02 27 Февраль 2026 Жамият
207 0

Президентимиз жорий йилнинг 24 февраль куни “Кўксарой” қароргоҳида ёшлар билан мулоқотида мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” бўлиши белгиланган эди.

Бугун Мўйноқ тумани ҳокими Б.Менглибеков, туман прокурори М.Оразбаев ва туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Ж.Юсуповлар “Тик озек” маҳалласи ёшлари билан учрашув ўтказди.

Унда ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Жорий йилдан «Келажак тадбиркорлари» дастури ишга туширилиб, ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизлик кредит ажратиш йўлга қўйилади. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача, тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб бизнес бошлаётганларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлганларга 2 миллиард сўмгача, камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит берилиши белгиланди.

Ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича комплекс хизмат кўрсатадиган «Ёшлар бизнес инкубатори» ташкил этилади.

Жорий йил 1 мартдан янги иш бошлаётган ёш тадбиркорларга инфратузилмага уланиш билан боғлиқ давлат хизматлари харажатлари Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Учрашув давомида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларни қийнаб келаётган масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Ҳар бир йигит-қизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишиб олинди.

Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?