«Mobiuz» компанияси халқаро сотувга қўйилди

Иллюстратив фото
«Universal Mobile Systems» (Mobiuz) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бўйича халқаро очиқ савдо жараёни бошланди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.
Жараёнга «Rothschild & Co» халқаро инвестиция банки битим бўйича етакчи стратегик ва молиявий консультант, KPMG компанияси молиявий, солиқ ва юридик экспертиза, «Deloitte» компанияси эса мустақил баҳоловчи сифатида жалб этилган.
Савдо жараёни уч босқичда амалга оширилади. Бу сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш, мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни қабул қилиш ва мажбуриятга эга бўлган таклифларни қабул қилишдан иборат.
Биринчи босқичда талабгорлар ариза билан бирга, ўзлари ҳақида маълумот (рўйхатдан ўтганлиги, фаолият тури), устав капиталида 5 фоиздан ортиқ улушга эга акциядорлар ва якуний бенефициарлар тўғрисида маълумот ҳамда сўнгги 3 йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиши керак.
Аризалар молиявий ресурсларнинг етарлилиги, хусусийлаштиришда иштирокини тақиқловчи маъмурий ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга оид Ўзбекистон қонунчилигига риоя этилиши асосида сараланади.
Бундан ташқари, талабгорлар ва уларнинг акциядорлари давлат компанияси бўлмаслиги, Европа Иттифоқи, АҚШ ҳамда халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмаган, санкцияларга қарши фаолиятга жалб қилинмаган бўлиши керак.
Аризалар қабули 2025 йил 1 август соат 18:00 гача давом этади.
Маълумот учун, «Mobiuz»нинг 2024 йил якунига кўра соф тушуми 2 086 миллиард сўмни, абонентлари сони эса 7,8 миллион нафарни ташкил этган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг