«Митти коинот» фестивалнинг аҳамияти нимада?

21:15 21 Декабрь 2022 Маданият
858 0

Фото: Иллюстратив фото

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ёшлари ишлари агентлиги ва Кинематография агентлиги ҳамкорлигида «Митти коинот» болалар учун яратиладиган анимацион фильмлар ва видеоконтент ғоялари фестивали бўлиб ўтди.

Фестивалда аниматорлар, сценарий ёзувчилари, тадбиркорлар, журналистлар ҳамда болажонлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Фестиваль доирасида олтин фондда сақланаётган миллий мультфильмлар намойиши, анимация усталари томонидан маҳорат дарслари, мутахассислар иштирокида соҳадаги муаммо ва ечимларга бағишланган конференция, болалар учун очиқ микрофон, миллий комикс тақдимоти, қизиқарли эстафета ва ютуқли викториналар ташкил этилди.

Қайд этиш жоизки, мазкур лойиҳа ёшлар, айниқса, болаларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури, дунёқарашини юксалтириш, она Ватанига, халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган миллий анимация соҳасини ривожлантириш, келгусида сифатли, рақобатбардош миллий мультфильмлар ва анимацион видеоконтентлар сони ва сифатини ошириш мақсадида ташкил қилинган.

Шунингдек, фестиваль доирасида «Митти коинот» болалар учун яратиладиган анимацион фильмлар ва видеоконтент ғоялари танлови ғолибларининг ишлари тақдимот қилинди.

Танловга 30 га яқин иш келиб тушган бўлиб, 20 декабрь куни саралаш босқичи ўтказилди. Саралашда мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир иш таҳлил қилиниб, баҳоланди. Якуний хулосаларга кўра ғолиб деб топилган икки нафар ғолиб фестиваль доирасида ноутбук билан тақдирланди. Шу билан бирга уларнинг сценарий ва ғоялари келгуси йилда ишлаб чиқариш учун икки ҳамкор ташкилот томонидан молиялаштирилиши маълум қилинди.

— Танловнинг «Анимацион фильм ғояси» номинациясида ўзимнинг «Қувноқ шаҳарча» мультфильм сценарийим билан иштирок этдим. — деди Абдулатиф Ҳайдаров. — Болаларга завқ улашиш билан бирга қалбига таъсир қиладиган, дунёқарашини кенгайтирадиган мультфильмлар яратишни мақсад қилгандим. Бугун танловда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритгач бу ишни албатта уддалайман деб ўзим-ўзимга ваъда бердим. Худо хоҳласа, болажонларимиз учун сифатли ва яхши мультфильмлар яратишга ҳаракат қиламан.

Тадбир давомида иштирокчилар ва болажонлар учун учун турли кўргазмали ўйинлар, кўзбойлоғич томошалари, мусиқали чиқишлар намойиш қилинди.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер