Мирзо Улуғбек расадхонаси ўрнини ким аниқлаган?

16:31 07 Ноябрь 2024 Илм-фан
470 0

Бобокалонимиз Мирзо Улуғбекдан қолган энг катта мерос Самарқанддаги расадхонаси ҳисобланади. Мирзо Улуғбек расадхонаси қурилганда Ҳиндистон ва Эрондан бошқа ҳудудларда расадхона бўлмаган. 1424-1428 йилларда Мирзо Улуғбек расадхонаси қурилади. Илмий тадқиқотлар олиб борилади. Унинг вафотидан кейин ҳам расадхона 20 йилга яқин фаолият кўрсатади. Кейинчалик тож-тахт учун курашлар натижасида расадхона фаолияти тўхтатилиб, Улуғбекнинг энг яқин шогирди Али Қушчи ҳам бу ерни тарк этади. Тепалик қаровсиз, тупроқ уюмига айланади.

XIX асрда Самарқанд тарихи ва археологиясига жаҳон миқёсида қизиқиш ортади. Шу даврда Мирзо Улуғбек расадхонасини излаш бошланади. Археолог олим Василий Вяткин расадхона ўрнини аниқлаш билан узоқ вақт шуғулланади.

“Самария” китобининг муаллифи – Абу Тоҳир Хўжанинг авлодидан бўлган. Шайбонийхон мадрасаси мударриси, иқтидорли хаттот ва рассом Абдуқаюм Махсум ўғли Абу Саййид Махсум вақф ҳужжати орқали Улуғбек расадхонаси ўрнини аниқлайди.

Абу Саййид Махсум кўкйўтал касалига чалиниб, яқинларининг маслаҳати ва ёрдамида Олойга даволанишга кетади. У ерда Олой маликаси Қурбонжон додхоҳ билан учрашади. У ўзида Қўқон хонлигининг кутубхонаси борлигини, чет элдаги қўшни хонликлар билан мулоқоти акс этган беш сандиқдан иборат ҳужжатларни маълум қилади. Абу Саййид маликанинг илтимосига кўра, архив ҳужжатларини тартибга солиш билан шуғулланади. Бир неча ойдан сўнг Абу Саййид Махсум соғайиб, Олойдан Самарқандга қайтади. У ўзи билан Қурбонжон додхоҳнинг ҳали ўрганиб улгурмаган ҳужжатлари сақланадиган охирги бир сандиғини ҳам олиб келади. Мазкур сандиқдаги ҳужжатларни ўрганаётганида бир ҳужжат унинг эътиборини тортади. ХVI асрга оид ушбу ҳужжатда расадхона яқинида жойлашган тепалик атрофида яшаган аёл вафотидан олдин масжидга ҳадя қилган вақф ҳужжати эътиборини тортади. Бу ҳужжатда ернинг координаталари кўрсатилган яъни, ер бир томондан Оби Раҳмат ариғи билан, иккинчи томондан бедазор билан, учинчи томондан маҳалланинг жоме масжиди билан ва тўртинчи томондан Толеъ Расад тепалиги билан чегараланган эди.

“Толеъ Расад” деганда гап Улуғбек расадхонаси ҳақида бораётганлигини билган Абу Саййид Махсум бу ҳақда анчадан бери расадхона ўрнини аниқлашга ҳаракат қилиб юрган дўсти Вяткинга айтади. Ҳужжат билан танишган Вяткин расадхона ўрнида қазиш ишларини бошлайди. Дастлабки кунларда машҳур иншоотнинг асос қисмини топишга муваффақ бўлади.

Расадхонанинг ўрни В.Вяткин томонидан эмас, ватандошимиз, самарқандлик мударрис Абу Саййид Махсум томонидан аниқланган. Абу Саййиднинг илм-фан йўлидаги хизмати учун Ўрта ва Шарқий Осиёни тарихий, археологик, лингвистик ва этнографик жиҳатдан ўрганиш Рус комитети томонидан 100 рубль миқдорида мукофотланади. Шунингдек, Самарқанд шаҳри, унинг атрофи ва қадимий ёдгорликлари тарихий топографиясини ўзида мужассам этган. Тарихчи ва археологлар учун муҳим манба ҳисобланган Абу Тохир ибн Қози Абу Саййид Самарқандийнинг “Самария” қўлёзма асарининг чоп этилиши ҳам Абу Саййид номи билан боғлиқдир.

Асарнинг ушбу қўлёзма нусхаси 1895 йил декабрь – 1896 йиль январь ойларида Абу Саййид томонидан рус қоғозига настаълиқ хатида кўчирилган. Ушбу нусха асосида В.Вяткин асарни рус тилига таржима қилиб, 1899 йилда нашр эттирганлиги аллақачон рус тарихчилари томонидан эътироф этилган. 1896 йилда тарихчи олим Н.Веселовский ҳам Абу Саййиддан “Самария” асарининг форс тилидаги қўлёзма нусхасини олади. 1904 йилда уни нашр эттиради.

Абу Саййид Махсум Самарқанднинг тарихий топографияси қадимги тарихи билан яхши таниш бўлган. У бетоблиги сабабли ва моддий жиҳатдан қийналган бўлишига қарамасдан, В.Вяткин томонидан дастлаб Афросиёб тепаликларида, кейин Мирзо Улуғбек расадхонаси ўрнида ва Самарқанд атрофларида олиб борилган қазиш ишларида ҳамроҳлик қилади. В.Вяткин Шарқ қўлёзмалари ва вақф ҳужжатларидаги тушунарсиз ва баҳсли жойлар хусусида ундан маслаҳат олиб турган. Масалан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган В.Вяткин қаламига мансуб “Самарқанд меъморий ёдгорликлари” рисоласида ҳам муаллиф ўз хулосаларида Абу Саййид Махсумга таянганлигининг гувоҳи бўламиз.

Маҳмудхон ЮНУСОВ,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,

музейшунос.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер