Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь бизнес доиралари ва тадбиркор аёллар биринчи бизнес-форуми бўлиб ўтди

22:41 06 Сентябр 2023 Сиёсат
4379 0

Хабар бериб бораётганимиздек, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Беларусь Республикасида бўлиб турибди. 6 сентябрь куни ташриф доирасида Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь бизнес доиралари ва тадбиркор аёллар биринчи бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимиз иқтисодиётининг деярли барча тармоқлари, хусусан, саноат ва қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, маданий-гуманитар, шунингдек, туризм ва транспорт каби соҳаларнинг вакиллари бўлган бизнес доиралар ва ишбилармон аёллар иштирок этди.

Форум доирасида ташкил этилган “Тадбиркорликдаги аёллар – Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш салоҳияти” мавзусидаги ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ва Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси кириш сўзи билан очиб бердилар.

Енгил саноат соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, илғор технологиялар алмашиш, мато, кийим-кечак, пойабзал, мўйна ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда IT соҳасида алоқаларни ривожлантириш, тадбиркорлик, айниқса аёллар учун рақамли маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқиш, хотин-қизларни рақамли иқтисодиётга жалб этиш, аёлларнинг бу борадаги саводхонлиги ва малакасини ошириш бўйича тажриба алмашиш икки мамлакат ишбилармонлари учун бирдек манфаат келтириши таъкидланди.

Шунингдек, ялпи мажлисда тиббиёт соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фармацевтика саноатини ривожлантириш, тиббий кластерлар яратиш, озиқ-овқат саноати, автомобилсозлик учун кимё маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, туризм йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикрлар билдирилди.

Форум сўнггида якуний ҳужжат (декларация) қабул қилинди. Унда савдо-иқтисодий, инвестиция, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, таълим, гуманитар, туризм ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари акс этди.

Икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасида “B2B” форматида ўтказилган учрашувлар натижасида 92 млн доллардан ортиқ миқдорда 42 та шартнома ва 17 та меморандумлар имзоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?