Миллионлаб ўзбекистонликнинг шахсий маълумотлари тарқалиб кетди

12:57 03 Февраль 2026 Жамият
733 0

Айрим давлат ахборот тизимларидан камида 15 миллион Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари тарқалгани ва Dark Web'га жойлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Киберхавфсизлик маркази мазкур ҳолат юзасидан бирламчи маълумот берди.

Унга кўра, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда ва ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

Айрим манбалар фуқароларнинг шахсий маълумотлари Миллий статистика қўмитасининг census.stat.uz сайтидаги хатоликлар сабаб тарқалиб кетганини даъво қилди. Шундан сўнг, Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг расмий саҳифаси бу бўйича муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 2026 йилнинг 15-31 январь кунлари онлайн шаклда ўтказилган Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида тўпланган барча маълумотлар алоҳида серверларда шифрланган ҳолда хавфсиз сақланмоқда.

«Фуқароларнинг рўйхатга олиш билан боғлиқ шахсий маълумотлари ҳимояланган бўлиб, уларнинг хавфсизлиги бўйича ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ», дейилади расмий муносабатда.

Таъкидланишича, рўйхатга олиш жараёнида ҳеч бир фуқарога тегишли фотосурат олинмаган ва маълумотлар базасига расм юкланмаган.

«Маълумотлар миллий ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ қатъий муҳофаза остида сақланмоқда ва ташқи манбалар орқали сизиб чиқиши эҳтимоли мавжуд эмас», дея қўшимча қилинади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?