Миллионерлар таъзим қилган қаҳрамон муаллим

Билимдан кучлироқ қудрат йўқ, билим билан қуролланган одамни енгиб бўлмайди. Шарафли касби орқали шогирдларига энг қийин вазифаларни енгишга ёрдам берган қорақалпоғистонлик ўқитувчи Алланияз Утениязовни таништиришнинг ҳожат йўқ. У ўзини бутунлай таълимга, савобли ишларга бағишлаган маърифатпарварлигини ҳамма билади.
Ўзбекистон Қаҳрамони Алланияз Утениязов 1936 йилда Кегейли тумани Қазаяқли овулида туғилган. Овулларда яшаш шароити оғирлиги учун онаси билан тоғасининг ёнига – ҳозирги Нукус тумани Узункўл овулига кўчиб келади. Алланияз Нукус шаҳридаги мактабда ўқиб, бўш вақтида мева, полиз маҳсулотларини етиштиришга киришади. Онаси сабзавотларни бозорда сотиб, рўзғор тебратади. У Нукус давлат педагогика институтини томомлаб, илк фаолиятини ўрта мактабда оддий ўқитувчиликдан бошлайди. Талабалик даврида ҳам, ўқитувчилик кезларида ҳам урушда боқувчисини йўқотганларга, ногирон бўлиб қайтганларга ёрдам беради. Айни шу элпарварлиги билан овулдошларининг назарига тушади.
– Алланияз оға таълим соҳасининг чинакам фидойиси, овулларда янги ижтимоий ўзгаришлар бўлиши учун курашган, элни саводли қилишга бел боғлаган зиёлилардан, – дейди Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Қалжан Қалбаева. – Ҳамкасблари, овулдошлари, шогирдлари ҳар доим муаллимга суянган. Ўз даврида қаҳрамон ўқитувчининг жасорати ва ҳимматини мақтаб марказий газеталарда шу қадар кўп мақола чоп этилганки, унинг номига дунёнинг турли бурчакларидан мактублар оқиб кела бошлаган. Оддий оилада туғилиб иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган муаллим болаларга билим бериш билан бирга, 36 оилага турар жой, 2 та мактаб, 2 та болалар боғчаси, 2 та тиббиёт пункти қуриб берган. Алланияз оғанинг бўш вақти деярли бўлмасди. Мактабда ўқувчиларга дарсини ўтиб, эҳтиёжманд оилаларга бошлаб қўйган иморатини тезроқ битказишга шошиларди. Муаллим манзилига қоп-қоп мактублар келарди. Масалан, Куба давлати раҳбари Фидель Кастро шундай ёзганди: “Сиз ўзингизнинг саховатингиз билан кўплаб инсонлардан юксакда турасиз. Сизнинг бу фазилатингиз ёш авлодни тарбиялашда ҳали кўп намуна бўлажак. Мен сизга тан бераман...”. Бокс бўйича жаҳон чемпиони Виталий Кличко ўз туйғуларини қуйидагича ифодалаган: “Сизнинг 30–35 йиллик меҳр-мурувватга тўла ҳимматингизни ҳар сафар рингдаги жанг олдидан 30–35 сония хаёлимда жонлантираман, сизни кўз олдимга келтириб, ибратингиздан мадад оламан. Шу вақт ўзимда қўшимча, енгилмас куч-қувват тўплангандек сезаман, албатта, ғалабага эришаман”. Алланияз Утениязовнинг саховатидан аргентиналик миллионер Х.Сапун ҳам ҳайратга тушган: “Менинг қўл остимда 4 минг киши ишлайди. Аргентинада энг бой одамлардан бириман. Хусусий мол, парранда фермаларим, фабрикаларим бор. Лекин, менинг бойлигим сизнинг бойлигингиз қошида чирик дунёдир. Сизнинг инсонийлик маънавий бойлигингиз ҳеч қачон ўлмайди, чиримайди, мангу қолади. Сизнинг қилган хизматингиз дунёда катта янгилик бўлди. Ўқиб ҳайрон қолдим. Менга катта туртки бўлди. Мен ҳам хайр-саховатли бўлишга бел боғладим”.
Алланиз Утениязов номига дунёнинг ҳар хил давлатларидан жами 1500 дан ортиқ мактуб келган. Бу мактубларни ўқиш бахтига муяссар бўлганимдан фахрланаман.
Қаҳрамон муаллим 1999 йилда Нукусда “Саховат” фермер хўжалигини ташкил этди. Кўпчиликка маълум 2000 йилларда Қорақалпоғистонда сувсизлик авж олганди. Нукусдан яёв келяпман. Кун иссиқ. Канал томондан катта йўлни кесиб ўтиб, ҳар хил сув идишларни кўтарган бир киши йўлни кесиб ўтди. Йўлим ҳам ўша томонга эди. У шунча идишларни кўтариб олган бўлса-да, орқасидан юриб етолмадим. Янги яратилган боққа яқинлашиб, идишлардаги сувни дарахтларга қуя бошлади. Кўчатларига сув қуяётиб “воҳ-воҳ, ўзим ичгандек бўлдим” дея хаёлан дарахтлар билан гаплашаётган боғбон устозим Алланияз Утениязовлигини кўриб ҳайратда қолганман.
Сув танқис йилларда Алланияз Утениязов “Дўстлик” каналидан аравада сув ташиб, бўлса ҳам боғ яратди. Ўша боғлар ҳозир ҳам мўл ҳосил бериб турибди.
– Устозимиз ўз фанидан дарс бериш билан бирга, ўқувчиларга ҳаёт сабоқларини ҳам уқтириб келарди, – дейди Нукус шаҳридаги 8-мактаб ўқитувчиси Бахтигул Матсапаева. – Қўшнинг бахтсиз бўлса, сен бахтли бўлолмайсан, дердилар.
Пахта йиғим-теримида Алланиязга “комбайн” деб ном беришган. Бошқа энг илғор теримчиларнинг ўзи бир мавсумда 2,5-3 тонна пахта терса, Алланиязнинг марраси 12-15 тонна бўлган. Ўша пахта учун берилган пулларни у хайрия ишларига сарфлаган. Ҳатто мактабдан олган маошини ҳам камбағал оилаларга ишлатиб юборган.
Алланияз Утениязов боғдорчиликдан ташқари бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳам деҳқонларга намуна бўлган. Давлат арбоби Шароф Рашидов Қорақалпоғистонга келганида унинг даласидаги маккажўхорини кўриб, маҳаллий ўғит ва бошқа усулларни қўллаган ҳолда шундай ҳосил олаётганидан ҳайратланган. Алланияз отанинг онасига раҳмат айтиш учун уйига боради. Ўшанда бошқаларга уй қурган Алланияз отанинг ўз уйи таъмирталаблигини кўриб, унинг уйини қуриб бериш бўйича топшириқ бергани ҳақида ҳалигача шогирдлари эслашади.
Қаҳрамонлик – бу жасорат дегани. Қаҳрамон Алланияз Утениязов ҳам шахсий манфаатларини қурбон қилишдан қўрқмади, у дунёга фойда келтириш учун бор нарсасидан воз кечишга тайёр эди. Етмиш йиллик умри давомида асрларга татигулик инсонийлик фазилатларини келгуси авлодларга намуна қилиб қолдирди. У юксак хизматлари “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси“, “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи”, “Ўзбекистон селекционери“, “Меҳнат қаҳрамони“ орденлари билан тақдирланди. 2001 йилда мамлакатимизнинг олий мукофоти “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди. Алланияз ота ўзи қилган ишларини кўз-кўз қилишни ёқтирмаган. Унинг ҳаёти давомидаги қилган ишлари бутун инсониятга ибрат бўлишга арзигулик намунадир.
Ғайрат Отажонов
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг