Миллий тест тизими доирасида она тили ва адабиёт фанидан бўлиб ўтган имтиҳон материаллари аввалдан тарқатилганми?
Ижтимоий тармоқларда 2025 йил ноябрь ойида Миллий тест тизими доирасида она тили ва адабиёт фанидан бўлиб ўтган имтиҳон материалларининг имтиҳондан аввал тарқалгани тўғрисида хабарлар эълон қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги муносабат билдирди.
Унда айтилишича, Ижтимоий тармоқларда тарқатилган саволлар ўқитувчилар томонидан шакллантирилган саволлар бўлиб, улар орасида аввалги имтиҳонларда фойдаланилган тест саволлари ҳам мавжуд бўлган. Бу тест вариантларининг эквивалентлигини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган ҳолат бўлиб, олдинги имтиҳондаги айрим тест топшириқлари кейинги имтиҳондаги тест варианти таркибига мақсадли тарзда киритилади.
Бадиий асарлар асосида шакллантириладиган тест топшириқлари ҳақида шуни таъкидлаш жоизки, Агентликнинг расмий сайтида мустақил ўқиш учун тавсия этиладиган 40 та бадиий асар рўйхати эълон қилинган. Тест вариантидаги адабиёт назарияси ва адабиёт тарихини билишга доир саволлар мазкур рўйхатдаги асарлар асосида шакллантирилади. Репетиторлик фаолияти билан шуғулланаётган ўқитувчилар эса ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларида турлича асарларни эҳтимолий асарлар сифатида эълон қилишди – айримлари қайсидир тўрт-бешта, айримлари бошқа уч-тўртта асар номини эълон қилди ва, табиийки, имтиҳон тест варианти таркибидаги тест топшириғи қайсидир бир тахмин қилинган асарлар билан мазмунан мос келган. Бу ҳолат тест материаллари олдиндан тарқатилганлигини англатмайди.
Агентликнинг қўшимча қилишича, ижтимоий тармоқларда ёзма иш мавзуларининг олдиндан ошкор қилинганлиги ҳақидаги хабарлар ҳам асоссиздир.
«Эссе мавзуларининг имтиҳон саволлари билан мувофиқлиги агентлик томонидан ўрганиб чиқилди. Таҳлил жараёнида мазкур ҳолат турли омиллар таъсирида юзага келганлиги маълум бўлди. Хусусан, имтиҳон жараёнларида эссе мавзулари сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этаётган, омма эътиборида бўлган, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган, тарихий аҳамиятга эга бўлган, талабгорлар оммасига бирдек таниш, долзарб ва қизиқарли мавзулар танланмоқда. Талабгор учун нотаниш мавзу унинг тилни билишга оид билимларини аниқлашга хизмат қилмаслиги мумкин. Ижтимоий тармоқларда имтиҳон арафасида тахминий мавзулар сифатида юзлаб мавзулар эълон қилина бошлади», — дейилади хабарда.
Билдирилишича, айрим мавзулар имтиҳондаги ёзма иш мавзулари мазмун доирасида бўлсада, муҳокама объекти айнан бир хил эмас. Масалан, ижтимоий тармоқларда тахмин сифатида эълон қилинган мавзулардан бири алифбо ва имло ислоҳоти ҳақида, имтиҳонда ёзма иш топшириғи сифатида тақдим этилган мавзу эса имловий саводхонлик ва ақлий салоҳият ўртасидаги боғлиқлик борасида бўлган. Талабгорларнинг имтиҳон топшириғи мазмунига диққат қаратмаганликлари оқибатида ижтимоий тармоқлардаги олдиндан муҳокама қилинган мавзуга мос эссе ёзиб чиққанлиги эса ёзма иш мавзусининг олдиндан тарқатилганлиги ҳақидаги шубҳаларнинг пайдо бўлиши, қолаверса, кўплаб ёзма ишларнинг «мавзуга мос бўлмаган» иш сифатида баҳоланишига сабаб бўлган.
«Талабгорларнинг ёзма ишларини баҳолаш давом этмоқда. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ўз фаолиятини амалга оширишда холислик, адолат ва шаффофлик тамойилларига содиқдир», — дейилади агентлик муносабатида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг