Миграция ва меҳнат оқими: иқтисодий барқарорлик ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳуқуқий таъминлаш

14:10 23 Сентябр 2025 Сиёсат
82 0

Марказий Осиё давлатларининг III Парламентлараро форуми доирасида миграция, меҳнат оқими, иқтисодий барқарорлик ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган мавзу билан боғлиқ сессия бўлиб ўтди.

Миграция минтақа ривожига сезиларли таъсир кўрсатадиган табиий ижтимоий-иқтисодий ҳодиса экани қайд этилди. Бунда миграцияни адолатли ва хавфсиз бошқариш фақат мустаҳкам қонунчилик базаси, самарали институтлар ва сиёсий ирода мавжуд бўлгандагина мумкинлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов ўз маърузасида Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини таъминлаш ва улар фаолияти учун хавфсиз шароитлар яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга батафсил тўхталиб ўтди.

Мамлакатимизда 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, шунингдек, Миграция масалалари бўйича республика комиссияси, Миграция жамғармаси ва Миграция агентлиги самарали фаолият юритаётгани таъкидланди. Ўзбекистон қонуний ва уюшган меҳнат миграциясига тизимли ёндашувни жорий этиб, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. Кадрлар тайёрлаш марказлари ташкил этилди, фуқароларни молиявий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилди, чет элда ишга жойлашиш географияси кенгаймоқда.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, улар қайси мамлакатда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилиниши керак, деган принципиал позицияга урғу берилди. 2020–2024 йилларда меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари бўйича Ўзбекистондан 14 мингга яқин мигрант фойдасига 6 млн АҚШ долларидан ортиқ маблағ ундирилган.

Сессия доирасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қуйидаги ташаббуслар ҳам билдирилди: миграция қонунчилигини уйғунлаштириш, халқаро конвенцияларни ратификация қилиш ва имплементация қилиш, кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни ишлаб чиқиш ва хавфсиз меҳнат миграцияси механизмларини яратиш.

Иштирокчилар ушбу соҳада давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш минтақада барқарор ривожланиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили бўлиши ҳақида якдил фикр билдирди.

Шунингдек, форум доирасида инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётнинг шаффофлигини ошириш бўйича қонунчилик чора-тадбирлари, шунингдек, рақамли суверенитет масалаларига бағишланган мавзуга доир сессиялар бўлиб ўтди. Иштирокчилар қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, хусусий секторни ривожлантириш, инвестициялар устидан парламент назорати, шунингдек, рақамли муҳитни тартибга солиш, киберхавфсизликни таъминлаш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Сессиялар ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Нодира Джанибекова ва Одилжон Иминов иштирок этди. Улар Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорликни ошириш, рақамли трансформация ва жадал технологик ривожланиш шароитида миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган қонун ижодкорлиги соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?