Меҳнат ярмаркаси орқали 73 нафар талаба ишли бўлди
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизнинг барча олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар кўриб чиқилган эди. Бугун ана шу топшириқлар ижроси юзасидан жойлардаги ОТМда тегишли тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Тошкент молия институтида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ҳамда 120 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар иштирокида меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Ярмаркада иштирок этган беш минг нафарга яқин талабалар мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотга эга бўлди.

— “Карьера куни” меҳнат ярмаркасини ўтказиш анъанага айланиб бормоқда, — дейди институт проректори Шерзод Синдаров. — Ёш мутахассисларга иш берувчи корхона ва ташкилотлар фаолияти тўлиқ акс эттирилган кўргазмали жиҳозлар ҳамда бошқа маълумотларнинг тақдим этилиши жуда яхши натижа беряпти. Институт битирувчилари бу каби маълумотлар асосида ўзларига маъқул бўлган ишни танлаш билан бирга, ўз келажагини белгиламоқда. Бевосита эртанги ҳаёти боғлиқ бўлган жамоа билан яқин мулоқот ўрнатяпти.
Бу галги тадбирда қатнашган иш берувчилар томонидан ўтказилган танловдан муваффақиятли ўтган 73 нафар талабага тегишли ташкилотларга ишга қабул қилинганлиги тўғрисида сертификат берилди. Танловларнинг биринчи босқичида иштирок этган 2 минг нафар талабанинг шахсий маълумотномалари иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари томонидан ўрганиб чиқиш ҳамда келажакда ишга йўналтириш учун қабул қилинди.

— Битирувчи талаба ёшларга ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида Тошкент молия институтида Бандлик маркази фаолияти йўлга қўйилмоқда, — дейди Маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими бошлиғи Ўткир Дусбоев. — Бу ерда ёш мутахассислар меҳнат қонунлари ва тегишли меъёрий ҳужжатлар, меҳнат бозорида мос вакант ўринларни излаш кўникмалари, ишга кириш учун резюмени тайёрлаш ҳамда иш берувчи билан суҳбатдан ўтиш усулларини ўрганади. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларининг илғор мутахассислари ва экспертлари томонидан тегишли йўналишларда суҳбат ҳамда маърузалар ўтилади. Талаба-ёшларга меҳнат бозоридаги мавжуд рақобат, корхоналарга ишга жойлашиш тартиб-қоидалари хусусида дастлабки кўникмалар берилади.
Бандлик марказида меҳнат органлари, таълим муассасалари ва манфаатдор идора ҳамда ташкилотлар иштирокида иш ўринлари ярмаркалари, карьера кунларини ташкил этиш ва талабаларни келажакда касбий фаолиятга қизиқишларини шакллантириш чора-тадбирлари ҳам белгиланади. Марказ фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Тошкент молия институтининг салоҳиятли кадрлар тайёрлаш борасидаги тажрибалари, сифат кўрсаткичлари кенг тарғиб қилинади.

Айниқса, институтни муқаддам тамомлаган битирувчиларнинг ҳозирги меҳнат фаолияти (карьераси) таҳлиллар асосида ёш мутахассисларга тақдим этилади. Ушбу ОТМнинг асосий касблар тўғрисидаги профессиограммалари, ўқув-қўлланмаларини нашр қилиш борасида ҳам Бандлик марказининг алоҳида ўрни борлиги таъкидланди.
Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг