Меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан парламент сўрови натижалари муҳокама марказида

16:18 19 Декабрь 2025 Сиёсат
74 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Сенатнинг 12-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Захидовга меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама марказида бўлди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Мажлисда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида давлат идоралари, корхона ва ташкилотларда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари, хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини таъминлаш, адолатли ҳақ тўланиши ва меҳнат муносабатлари шаффофлигини кучайтиришга қаратилган 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар меҳнат муносабатларини демократик ва инсонпарвар тамойиллар асосида такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 12 840 та давлат назорати тадбири ўтказилиб, 28 801 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида мансабдор шахсларга 5 715 та ёзма кўрсатма ва 150 та тақдимнома киритилган. Шунингдек, норасмий бандликни қисқартириш мақсадида 15 180 та корхона хатловдан ўтказилиб, 69,5 минг иш ўрни расмийлаштирилган.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Шу билан бирга, сенаторлар айрим йўналишларда ҳал этилиши зарур бўлган жиддий муаммолар мавжудлигини ҳам таъкидладилар. Жумладан, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари ўтган йилга нисбатан 32 фоизга камайгани соҳадаги ҳуқуқбузарликлар ошишига хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилди. Иш жойларида техник хавфсизлик талабларига амал қилинмагани оқибатида 524 та бахтсиз ҳодиса рўй бериб, 806 нафар ходим жабрланган. Улардан 139 нафари ҳалок бўлган, 417 нафари оғир, 250 нафари енгил тан жароҳати олгани ҳолатнинг жиддийлигидан дарак беради.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари сифатида иш берувчилар томонидан соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларининг яратилмагани, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашдаги етишмовчиликлар, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилинмагани ва ходимларнинг хавфсизлик маданиятига эътиборсизлиги келтириб ўтилди. Қонунбузарликлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 61 та жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Бундан ташқари, давлат ташкилотлари томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган ходимларни ишга тиклашга оид 261 та суд қарори ўз вақтида ижро этилмагани, бу эса аҳоли норозилиги юзага келишига ва Давлат бюджетидан қўшимча харажатларга сабаб бўлгани сенаторлар томонидан қатъий танқид қилинди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Муҳокама якунида парламент сўрови натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, меҳнат қонунчилиги ижроси ва меҳнат ҳуқуқларининг кафолатланишини кучайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?