Меҳнат қилиб, даромад топишга иштиёқи юқори амударёликлар

18:16 07 Май 2021 Жамият
1821 0

Ҳасан ПAЙДОЕВ - "Халқ сўзи"

Мамлакатимизда секторлар фаолиятининг йўлга қўйилиши жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳудудлар кесимида бартараф қилиш ҳамда халқимизни рози қилишга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда ҳар бир сектор раҳбарлари маҳаллабай, хонадонбай тамоили асосида ўз ҳудудларидаги муаммоларни ўрганиб, бандлик, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ижобий ҳал қилиш чораларини кўрмоқдалар.  Амударё тумани 2-сектор ҳудудида 17 та овул ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлиб, 11  минг 480 дан ортиқ хонадон бор.

 

Янги уйлар қурилиб, эскилари таъмирланди

Амударё тумани 2-сектор раҳбари ва унга бириктирилган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан уйма-уй юриб, ҳудуддаги ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг хонадонлари кўздан кечирилди. Шунда ҳудудда яшовчи бир неча аҳолининг турар жойи авария ҳолатида эканлиги аниқланди. Сектор раҳбари ташаббуси билан туман ҳокимлиги ҳамда ҳомийлар кўмагида “Боғ” МФЙда яшовчи Б.Мўлдағилиевга янгидан турар жой қуриб берилди.

Бундан ташқари сектор ҳудудидаги “Қиличбой” ОФЙ, “Ўртақалъа”, “Қорамон”  ҳамда “Боғ” МФЙда яшовчи 6 нафар аҳолининг хонадонлари қайта таъмирлаб берилди. Шунингдек, 3 та фуқаронинг авария ҳолатига келиб қолган уйлари ўрнидан янгитдан замонавий 3 хонали тураржойлар қуриб берилди.

Шунингдек, сектор ҳудудидаги ижтимоий объектларни ўрганиш натижасида “Фаровон”, “Хизр эли”, “Юқори қишлоқ” МФЙ ҳамда “Ўрта қалъа” ОФЙ ҳудудидаги жами 12,4 км. ички йўллар сектор раҳбари ташаббуси билан ҳашар йўли орқали шағал ётқизилиб таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Бандлик масаласи қандай ҳал этиляпти?

Ҳудуддаги ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш уларнинг доимий даромад манбайига эга бўлишлари учун “Юқори қишлоқ” МФЙ ҳудудидаги бўш турган бино сектор раҳбари ташаббуси билан ҳомийлар томонидан таъмирланиб, “Тамара текстил” МЧЖ билан ҳамкорликда тикувчилик цехи ташкил қилинди. Ушбу цехда 15 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Шу билан бирга, “аёллар” ҳамда “ёшлар” дафтарига киритилган хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда.

“Тамара текстил” МЧЖ билан ҳамкорликда сектор ҳудудидаги “Беш овул”, “Тошқалъа” МФЙ ҳамда “Қиличбой” ОФЙ ҳудудидаги бўш турган биноларда тикувчилик цехлари ташкил қилинган. Ушбу тикувчилик цехда тайёрланган маҳсулотлар туман бозорида сотиш учун махсус раста ажратилган. Бу  тадбирлар натижасида шу ерда ишли бўлган  хотин-қизлар доимий даромад манбайига ҳам эга бўлишди.

Шу билан бирга, сектор раҳбари томонидан касаначиликни ривожлантириш мақсадида ҳудудидаги “Амир Темур” ОФЙда 30 та хонадон аъзолари жунни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ишларига жалб қилинди. Шундан 5 хонадон гилам тўқиш, 2 та хонадонда жун пайпоқ тўқиш, 4 та хонадонда кигиз босиш, 12 та хонадон  калава-ип эгириш, 12 та хонадонда эса жунни ювиш ҳамда тараш бўяш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу маҳсулотларни “Қипчоқ” кўчасида ва савдо комплексида 2 та ўринда сотиш ташкил қилинди.

— Кўп вақтлардан буён ишсиз эдим, — дейди ушбу ҳудудда яшовчи Тиркаш Туваков. — Мана, иккинчи сектор ёрдами билан гилам тўқиш ускунаси олиб берилди. Ҳозирда оила аъзоларимиздан ташқари қўшниларимиз Гулбаҳор Гижирова, Омонгул Хожагелдиева, Дилноза Боярова, Гуландон Рахова ҳамда Дилдора Ражаповалар ишли бўлишди. Муҳими сектор раҳбарларининг ташаббуси билан бўлаётган бу хайрли иш туфайли неча йиллардан буён тўхтаб қолган гиламчилик соҳасини яна қайта тиклашга амалий ёрдам берилди.

Ушбу маҳалладаги Зия Ханжиевада ҳам ишсиз эди.

Шу сабабли қариндошлари Ханжиева Кумуш, Хонова Жамила, Халлиева Огулнабат ҳамда Махмудова Сапаргуллар билан биргаликда уйида жунни ювиб калава-ип ишлаб чиқариб, гилам, туркман полоси ҳамда кигиз тўқишни бошлаб юборди.

Хонадонларга туман прокурори ташаббуси билан бошлаётган ишини жадаллаштириш ва кунлик даромадини топиш бўйитча 30 та хонадонга  30 та қозон, 30 та жунни тараш ускунаси (тароқ),  30 та хонадонга жун эгириш ускунаси (уршиқ), 5 та хонадонга гилам тўқиш ҳамда 12 та хонадонга туркман полоси тўқиш ускунаси тарқатиб берилди. Шу билан бирга, ижтимоий ёзрдамга муҳтож бўлган ишсизлар ўзини ўзи банд қилгани ва кредит маблағларини сўндиришга йўналтирилган жами 255 млн. сўм  пул маблағлари субсидия жамғармаси ҳисобидан ажратиш ишлари олиб борилмоқда.

— Ишлаш истагини билдирган 529 нафар ёшларимизнинг бандлиги таъминланди, — дейди Амударё туман прокурори,  адлия маслаҳатчиси Жавланбек Муфтуллаев. — “Ҳар бир ёшга — бир гектар” тамойили асосида 1890 нафар ёшларимизга қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириб, ўзини банд қилишлари учун ер майдонлари ажратиб беридли. 54 нафар ёшларимизга тадбиркорлик фаолияти учун кредит маблағлари ажратилди.  175 нафар ёшни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиб сертификатлар берилди.

Масалан, сектор ҳудудидаги “Дўрман” ОФЙ ҳудудидаги 7 та фермер хўжаликларига тегишли ер майдонларидан 131 нафар ёшларга ер майдони ажратилди. Хусусан “Пирназарп Тўрабаев” фермер хўжалигига қарашли 5,5 гектар ер майдонида ўз деҳқончилигини йўлга қўйган Муборак Жуматова, Элдор Нурметов, Хосият Сабировалар полиз экинлари экиб, ҳозирги кунда экинлари ҳосилга кириш арафасида турибди.

Шунингдек, 2-сектор ҳудудидаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 183 нафар аёлнинг 78 нафарига тадбиркорлик қилиш учун 1 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилишига амалий ёрдам берилди. Жумладан, тикувчилик йўналиши бўйича 16 нафарига 350,0 минг сўмлик, паррандачилик йўналиши бўйича 20 нафарига 350,6 минг сўмлик, маиший хизмат йўналиши бўйича 36 нафарига 126,6 минг сўмлик, асаларичилик йўналиши бўйича 1 нафарига 29,8 минг сўмлик, бошқа йўналишларда 5 нафарига 144,0 минг сўмлик кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди.

“Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури — амалда

Сектор ҳудудидаги “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги “аёллар дафтари”ги киритилган фуқаро Гулнора Худайбергенова “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида 33 млн. сўм имтиёзли кредит ажаратилди. Бунинг натижасида, Г. Худайбергенова ҳозирги кунда пар ёстиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйб, ўзидан ташқари маҳалласидаги 3 нафар ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлашга ҳиссасини қўшди.

Биз, мазкур тумандаги 2-сектор фаолияти ва ҳудуддаги ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли ишлари билан танишиб, тўғриси қувондик. Сабаби сектордан озгина кўмак олиб ёки ҳуқуқий маслаҳат олиб ишини йўлга қўйиб олаётган аҳолида аллақачон боқимандалик кайфияти йўқолган.

Улар ёшларми ёхуд хотин-қизларми меҳнат қилиш, даромад топишга иштиёқи юқорилиги сўзи ва ишида кўриниб турибди. Эътиборлиси, Амударё туманидаги 2-сектор раҳбари аҳолининг турмуш даражасини янада кўтариш учун жамоаси билан биргаликда бор куч-ғайратини сафарбар қилишга тайёрлигини билдирмоқда.

 

Ғайрат ОТАЖОНОВ

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер