Мажбуриятлар реестри жорий этилади – Қонун лойиҳаси

11:44 07 Январь 2025 Сиёсат
531 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда ушбу соҳада илғор хорижий тажрибаларга асосланган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани таъкидланди. Қонун лойиҳаси айнан шу ислоҳотларни амалиётга жорий этишга қаратилган.

Бугунги амалдаги қонунчиликка мувофиқ, агар қарздорнинг ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари бўлмаса, ижро иши юритиш тугатилади. Шунга қарамасдан, бу тартиб турли эътирозларни келтириб чиқариб, қонун устуворлиги ва фуқаролар ҳуқуқларининг тўлақонли таъминланишига тўсқинлик қилмоқда. Шу сабабли, янги қонун лойиҳаси бундай муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Лойиҳага кўра, Мажбуриятлар реестри жорий этилиши назарда тутилмоқда. Ушбу реестр орқали қарздорнинг мол-мулки ёки пул маблағлари аниқланган тақдирда, илгари тугатилган ижро иши қайта тикланади. Бундан ташқари, Солиқ кодексида реестрга киритилган солиқ қарзига пеня ҳисобланмаслиги белгиланмоқда.

Мажлис давомида қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини тўлиқ ва сўзсиз ижро этилишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, ушбу лойиҳа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди. Эндиликда лойиҳа иккинчи ўқишга тайёрланади ва унда яна бир қатор такомиллаштириш чоралари кўриб чиқилади. Бу ислоҳот тизимда адолатни таъминлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?