Марко Рубио ўтиш даврида Венесуэлани бошқариши мумкин

11:03 05 Январь 2026 Дунё
312 0

АҚШ президенти Дональд Трамп 3 январь, шанба куни Венесуэлада ўтказилган операциядан кейин, президент Николас Мадуро қўлга олиниб АҚШга олиб кетилганини ва мамлакатни «гуруҳ бўлиб» бошқариш режасини тилга олган эди. АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва қатор таниқли республикачилар Трампнинг «АҚШ Венесуэлани ўтиш даврида бошқаради» деган баёнотидан сўнг вазиятни юмшатишга уринмоқда.

Хусусан, Рубио якшанба куни АҚШ телеканалларида чиқиш қилиб, операцияни ҳимоя қилди. У АҚШ Венесуэлага нисбатан «таъсир ўтказиш воситалари»га эга эканини, бу эса натижа бериши кутилaётганини билдирди. Давлат котибининг таъкидлашича, мақсад — Венесуэлани наркотрафик маркази бўлишдан чиқариш ва Эрон ҳамда «Ҳизбуллоҳ» каби АҚШ рақиблари билан яқин алоқаларни узишдир.

ABC бошловчиси Жорж Стефанопулос «АҚШ Венесуэлани бошқариш учун қандай ҳуқуқий асосга эга?» дея сўраганида, Рубио аниқ жавоб бермади. У фақат АҚШ ўз мақсадларини амалга ошириш учун мавжуд таъсир механизмларидан фойдаланишини таъкидлади. NBC ва CBS телеканалларига берган интервьюларида эса АҚШ Венесуэлада уруш олиб бормаётгани ва ҳозирча қўшин жойлаштирмаганини айтди.

Трамп эса Флоридадаги матбуот анжуманида Марко Рубио, мудофаа вазири Пит Ҳегсет ва Қўшма штаб бошлиқлари қўмитаси раиси Дэн Кейнни ишора қилиб, улар ўтиш даврида Венесуэлага масъул бўлишини билдирди. У шунингдек, Мадуронинг ўринбосари Делси Родригес Рубио билан гаплашганини ва АҚШ талабларини бажаришдан «бошқа иложи йўқ»лигини айтганини даъво қилди. Родригес эса Венесуэла давлат телеканали орқали чиқиш қилиб, АҚШ ҳаракатларини кескин танқид қилди ва мамлакат «ҳеч қачон колония бўлмаслиги»ни билдирди.

Республикачилар орасида ҳам эҳтиёткор муносабат кузатилди. Сенат разведка қўмитаси раиси Том Коттон Венесуэлада кейинги қадамлар бўйича «кўп саволлар очиқ қолгани»ни айтди ва ҳозир мамлакатни Мадуро бошқармаётганини таъкидлади. Конгрессдаги айрим демократлар эса бу аралашувни «империал саёҳат» деб атаб, қонун чиқарувчи ҳокимият Оқ уйни назорат қилишдан бош тортаётганини танқид қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер