Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий боғлиқликни таъминлаш йўлида

09:23 17 Июль 2021 Жамият
572 0

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳри «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференциясига мезбонлик қилди. Мазкур анжуман аввалдан режалаштирилган бўлиб, бу ҳақида 2020 йилнинг 29 декабрь куни давлатимиз раҳбари Парламентга йўллаган ўз Мурожаатномасида маълум қилган эди.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар ва бошқа ташкилот раҳбарлари, жами 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этди. Конференцияни ёритиш учун Тошкентга 90 га яқин журналист ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрди.

Минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги, очиқ ташқи сиёсий стратегияси доирасида илгари сурилди. Ушбу ғоя Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш орқали минтақамиз билан иқтисодий, ижтимоий, маданий-цивилизацион йўналишларда тарихан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳудуд — Жанубий Осиёга чиқишни назарда тутади.
Конференция ўтказилишидан асосий мақсад, олий даражадаги мазкур конференция транспорт-логистика, энергетика, савдо, ишлаб чиқариш, инвестиция, технологик ва маданий-гуманитар соҳаларда «Марказий Осиё — Жанубий Осиё» форматидаги ўзаро манфаатли стратегик алоқа моделини кўп томонлама муҳокама қилиш учун сиёсий ва экспертлар майдонини шакллантиришга мўлжалланган.

Марказий Осиё 100 миллион аҳоли яшайдиган, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон давлатлари жойлашган йирик ва муҳим геосиёсий минтақа. Жанубий Осиё минтақаси эса Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Бутан, Мальдив, Шри-Ланка каби мамлакатларни ўз ичига олган, дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми истиқомат қиладиган йирик макон.

Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничиликни икки минтақа халқлари ва мамлакатлар манфаатлари йўлида мустаҳкамлашдан иборат ва тарихий алоқаларни тиклаш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, пировардида мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришдир. Шу билан бирга, икки макон ўртасидаги ўзаро мулоқот ва Афғонистондаги мураккаблашаётган вазият кун тартибидаги масалаларни янада долзарб эканлигини билдиради.

Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақаси мамлакатлари азалдан ягона макон сифатида уйғун ривожланиб келган, барча соҳаларда яқин ҳамкорлик қилган, бир-бирининг маданиятини бойитган. Буюк ипак йўли ҳамда Ҳинд-ганг йўли орқали маҳсулотлар, билим, ҳунар ва қадриятлар тарқалган. Кўпинча бу минтақалар яхлит давлат таркибида ҳам бўлган. Бақтрия ва Кушон империяси, Турк хоқонлиги, Ғазнавийлар, Темурийлар ва Бобурийлар давлати бунга яққол мисолдир. 

Президентимиз ўз нутқида тарихий вазият тақозоси билан ўн тўққизинчи асрда икки қўшни минтақанинг алоқалари узилиб қолганини таъкидлади. «Ўзаро зиддиятлар кучайиб, кескин можароларга айланиши туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида тўсиқлар пайдо бўлиб, чегаралар ёпилди. Ҳамкорлик ва бир-бирини англаш даври тугаб, унинг ўрнини қарама-қаршилик ҳамда ишончсизлик муҳити эгаллади. Бунинг салбий оқибатларини биз ҳозирги вақтда самарали трансчегаравий йўллар мавжуд эмаслиги, савдо-иқтисодий алоқалар яхши ривожланмагани ҳамда маданий-гуманитар муносабатлар салоҳияти тўлиқ ишга солинмагани мисолида ҳам сезиб, ҳис этиб турибмиз», деди Президентимиз.

Мамлакатимиз ташқи сиёсатида Жанубий Осиё ҳамиша устувор йўналиш бўлиб келмоқда. Аммо яқин-яқингача биз Жанубий Осиёга нисбатан асосан Афғонистон омили орқали, яъни хавфсизлик нуқтаи назаридан ёндашиб келганмиз. Бунинг натижасида икки томонлама муносабатлар етарли даражада йўлга қўйилмаган ва мавжуд имкониятлардан фойдаланилмаган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда халқаро муносабатлар соҳасида мазкур давлатлар билан ҳам муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик кучайди.

Ўз навбатида, хавфсизлик масалаларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Хусусан, Афғонистондаги нотинчлик, террористик гуруҳларнинг фаолияти бу борадаги эзгу мақсадларимизга тўғаноқ бўлиши табиий. Шу боис, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатишдан доимо манфаатдор ва бу юртда тинчликни мустаҳкамлаш, турли тармоқларни ривожлантиришга ҳисса қўшишга интилиб келмоқда.

Энди 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган конференция хусусида тўхталиб ўтсак. Конференцияни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев очиб, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари ўз нутқида тарихий алоқаларни тиклаш муҳимлигини, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш фурсати келганини таъкидлаган ҳолда «Бугун дунё ҳам таҳдидлар, ҳам янги имкониятларни ўзида тутган глобал геосиёсий трансформациялар даврига қадам босди. Бундай шароитда
2 миллиарддан зиёд одам яшаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг қайта тикланиши янада муҳим ва объектив жараёнга айланиб бормоқда. Халқларимизнинг улкан тарихий, илмий ва маънавий-маданий меросидан, иқтисодиётларимизнинг бир-бирини тўлдириб туришидан, интеллектуал салоҳият ва меҳнат ресурсларининг борлигидан келиб чиқиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш фурсати келди, деб ўйлайман ва бу, шубҳасиз, катта манфаат келтиради», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари бир неча бор таъкидлаганидек: «Бизнинг бош мақсадимиз-умумий ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат».

Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирларига тўхталди. Айни пайтда энг долзарб ва ўткир муаммолардан бири – қўшни Афғонистондаги низони ҳал қилмасдан туриб олдимизда турган мақсадларга эришишнинг иложи йўқ, чунки у тарихий ва геосиёсий жиҳатдан минтақамизнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади.
Афғонистоннинг тинчлиги — Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва тараққиёти кафолати ҳисобланади.

«Бугун Афғонистон ўзининг янги тарихида «туб бурилиш палласи» ни ўтказяпти. Биз донишманд афғон халқи умуммиллий муросага эришиш йўлида ўзаро келишувларга тайёр эканини намойиш этишига аминмиз. Ишончимиз комилки, бизнинг минтақалараро ҳамкорлигимиз, мамлакатда иқтисодиётни тиклаш, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш учун муҳим омил бўлади», — дея таъкидлади давлат раҳбаримиз.

Ўзбекистон доимо Афғонистондаги вазиятни сиёсий жиҳатдан тартибга солишнинг қатъий тарафдори. Мамлакатимиз қўшни давлатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга улкан ҳисса қўшиб келмоқда ва шу билан бирга, Афғон муаммосига бағишланган деярли барча халқаро форумларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида тинчлик, яхши қўшничилик ва ишончнинг мустаҳкамланиши, ҳамкорликнинг ривожланиши, очиқ ва амалий сиёсат йўлга қўйилишига қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Чунончи, президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф қилди.

Сир эмаски, давлатимизда океанга тўғридан-тўғри чиқишга имкон йўқ. Океанга чиқиш учун энг яқин йўл, бу Афғонистон орқалидир.

Президентимиз таъкидлаганидек: «Ҳозирги кунда Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Трансафғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида дастлабки қадамларни ташладик. Бу лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши бутун минтақамизда барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашга беқиёс хизмат қилади».

Давлат раҳбари Марказий Осиё билан Жанубий Осиёни самарали ва хавфсиз боғлайдиган транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз минтақада иқтисодий транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграцияни таъминлаш жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида Мозори-Шариф — Кобул — Пешовардан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик лойиҳаларни амалга оширишга киришди. Бу темир йўлнинг қурилиши Жанубий Осиё ва Европа қитъаси ўртасида Марказий Осиё орқали юк ташиш муддати ҳамда сарф-харажатларини камайтиради, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлайди, минглаб янги иш ўринлари яратилади, минтақанинг транзит салоҳиятини тубдан оширишга хизмат қилади. У икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла юзага чиқариб, юк ташиш масофаси ва вақтини анча қисқартиради. Шу боисдан ҳам, бу лойиҳа иштирокчи давлатлар ва халқаро молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Шунингдек, Аввало, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг устувор экани таъкидланиб, бу соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, кооперация ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш учун ҳар йили минтақалараро форум ўтказиш, Марказий ва Жанубий Осиё туроператорларининг ягона платформасини шакллантириш, олим ва тадқиқотчилар учун енгиллаштирилган виза тартибини жорий қилиш каби ташаббусларини илгари сурди.

Шу билан бирга, савдо, транзит ва божхона жараёнларини рақамлаштириш, бу борада қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш зарурлигини қайд этди.

Бугунги кунда бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, Шавкат Мирзиёев БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти шафелигида минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиб, қўшма дастур ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Экологияни асраш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш долзарблиги алоҳида таъкидлади.

Юқоридагилардан ташқари, илмий ва маданий-гуманитар алмашинувларни кўпайтириш дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши таъкидлаб, шу йўналишда ЮНEСКО шафелигида Термиз шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказишни таклиф этди.

Конференция арафасида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилди. Президент мазкур таҳлил маркази негизида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган экспертлар гуруҳи тузишни таклиф этди.

«Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий-маданий муштараклиги, мамлакат ва халқларимизнинг бир-бирига мос келувчи манфаатлари умумий фаровон келажакни барпо этишимиз учун асос бўладиган мустаҳкам пойдевордир. Биргаликда барқарор ривожланиш истиқболлари бўйича аниқ ёндашувга эга бўлишимиз лозим. Олдимизда Марказий ва Жанубий Осиёни, бутун Евроосиё қитъамизни биргалашиб барқарор, иқтисодий тараққий этган ва фаровон маконга айлантириш мақсади турибди», – деди Президентимиз.

Форумнинг ялпи ва шўъба мажлисларида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлашга қаратилган имконият ва ташаббуслар муҳокама қилинади.

Конференция якунлари бўйича махсус резолюция лойиҳаси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиладиган бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 июль куни «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияси доирасида хорижий мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, ҳукуматлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган халқаро учрашув, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, унинг изчил ривожланиши учун шароит яратиш йўлидаги муҳим босқич бўлиб, Афғон халқининг фаровонлигини ошириш ва уни минтақа ва умуман бутун дунёдаги бунёдкорлик жараёнига жалб этишга хизмат қилиши ҳисобланади ва форумнинг муваффақияти минтақа давлатларининг тинчлик тараққиёти учун кенг имкониятлар эшигини очган ҳолда, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан умумий муаммоларни ҳал этишга қодирлигини намоён қилишдир.

Мансуржон Болтаев,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири,
юридик фанлар номзоди, доцент

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?