Марғилонда Кумушбибилар паради ўтказилди

13:18 08 Апрель 2025 Жамият
83 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Кўҳна ва ҳамиша навқирон Марғилон шаҳрида севимли адибимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» асари қаҳрамонлари билан боғлиқ ажойиб хотиралар ҳамон сақланиб қолган.

Мирзакарим қутидорнинг ҳовлиси, Кумушбиби юрган йўллар, асар ёзилиши жараёнида Абдулла Қодирий меҳмон бўлган хонадонлар, табаррук зиёратгоҳлар шаҳар аҳли томонидан эҳтиром билан эсга олинади. Абдулла Қодирий юзма-юз суҳбатлашган, асар асосида шаҳарнинг қадимий маҳаллаларида кино суратга олиниши жараёнига бевосита гувоҳ бўлган инсонларнинг авлоди ушбу хотираларни мароқ билан сўзлайди.

Аждодлар ва авлодлар ўртасидаги узвий ришталар мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ипакчилар шаҳрида бунёд этилаётган «Янги Ўзбекистон» массивида «Отабек ва Кумуш» уйи қурилиши режалаштирилаётгани эътиборга лойиқ. Яқин истиқболда «Кумуш юрган йўлларда» деб номланган туризм маршрутини ишлаб чиқиш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга миллий қадриятларимизга хос бу каби боқий анъаналарни кенг тарғиб этиш кўзда тутилган.

Марғилон шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган илк Кумушбибилар паради бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг дастлабки амалий самараси дейиш мумкин. Унда Кумушбибининг бугунги марғилонлик авлодлари бўлган ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

— Шаҳримизда ўтказилаётган бир неча фестиваллар қатори мазкур тадбирни ҳам доимий анъанага айлантириш ниятидамиз, — дейди Марғилон шаҳар ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулнора Жўрабоева. — Бу асрлар мобайнида маҳаллий ва хорижий сайёҳларни маҳлиё этиб келаётган Марғилонда туризмни замонавий мезонлар бўйича ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?