Мақсадлари муштарак туркий давлатлар
Айни вақтда жаҳон сиёсий саҳнасида юз бераётган шиддатли, шу билан бирга глобал ўзгаришлар шароитида Ўзбекистоннинг халқаро минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги фаоллашиб бормоқда. Хусусан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг жорий йилнинг 6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги сессиясида иштироки ҳам юқоридаги мулоҳазамизни далиллайди.
Мамлакатимизнинг мазкур ташкилотда иштирок этиши, ўз навбатида, Туркий давлатлар билан савдо-сотиқ, транспорт инфраструктуралари, туризм ва маданий гуманитар соҳаларда ўзаро алоқаларнинг янги қирралари ва имкониятларини ишга солиш учун шарт-шароитлар яратади.
Давлатимиз раҳбари Бишкек саммитидаги нутқининг аввалида Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида мулоҳазаларини билдириб, туркий давлатларни умумий манфаатлардан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позицияни фаол илгари суришга даъват этди ва ушбу ўринда бағрикенг ўзбек халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни кескин қоралашини маълум қилди.
Афғонистон муаммоси барқарор хавфсизлик масаласининг диққат марказида доимо бўлиши кераклигини таъкидлаб, Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш лозимлигини қайд этди.
Бишкек саммити доирасида қабул қилинган тарихий ҳужжат – Туркий дунё хартиясининг қабул қилиниши туркий дунёни янада жипслаштириши, аъзо мамлакатлар билан алоқаларнинг ҳар жиҳатдан мустаҳкамлашига замин яратиши юртбошимиз томонидан эътироф этилди.
Жаҳондаги беқарор геосиёсий вазият фонида Туркий давлатлар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши зарурлиги таъкидланиб, Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлиги тўғрисидаги шартномасини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Қардош халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштириш, ёшларимизни аждодларимизга муносиб руҳда тарбиялаш мақсадида туркий эллар фольклорининг кўп жилдли мажмуасини аъзо мамлакатлар тилларида нашр этиш ташаббуси ўзбек зиёлилари томонидан илиқ кутиб олинди. Чунки Президентимиз ташаббуси билан чоп этилган «Туркий халқлар адабиёти»нинг 100 жилдлиги мажмуаси туркий халқлар адабиётига ошуфта инсонлар учун муносиб совға бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Бу ўринда яна бир жиҳатни зикр этиш мақсадга мувофиқ. Юртбошимиз ташаббуси билан туркий давлатларни баҳамжиҳат бўлишига эришиш мақсадида кўплаб лойиҳалар, йирик анжуманлар бир неча йилдан буён мамлакатимизда ўтказилмоқда. Хусусан, республикамизга расмий ташриф билан келган давлат раҳбарлари иштирокида икки халқ санъаткорларининг биргаликда дўстлик концертларини уюштириши, илдизи бевосита туркий халқларга бориб тақаладиган мақом, бахшичилик йўналишларида халқаро фестивалларнинг юқори савияда ташкил этилиши, ҳар икки халқнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган санъаткорлар, зиёлиларга давлат мукофотларининг топширилиши (Озарбайжон, Қирғиз Республикаси) анъана тусига кирди ва бундай маданий дипломатия соҳасидаги эзгу ҳаракатлар дўстлик ришталарини фақатгина мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.
Маънавий таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги оғир ижтимоий вазиятда «Туркий мамлакатлар тарихи» номли фундаментал тадқиқотларни яратиш ғояси эса ёшларимизда ғоявий курашларда мафкуравий иммунитетни кучайтириши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Туркий тиллардан қилинган таржима ишларини рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш, таълим муассасаларида туркий халқлар ва уларнинг тарихи, этнографияси, маданияти ва санъати ҳақида факультатив дарсларни жорий этиш ташаббуси эса ёш авлод қалбида ўз тарихи, миллати, Ватанига нисбатан муҳаббатни гўдакликданоқ онгу шуурига муҳрлайди.
Ўзбекистоннинг Туркий маданият ва мерос жамғармасига тўлақонли аъзо бўлиши мамлакатимиз миллий санъати, тарихи, адабиётини дунё халқларига тараннум этишимизда кўприк вазифасини ўтайди.
Элдор Шермонов,
Юнус Ражабий номидаги миллий мусиқа санъати институти ректори в.в.б.,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Бош прокуратура Алламжонов суиқасдига оид қўшимча ахборотни очиқлади
- 2025 йилда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар қанчага оширилиши маълум бўлди
- ДХХ ва Мудофаа вазирлиги раҳбариятидаги тайинловлар расмий эълон қилинди
- Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги Янгиҳаёт ва Бектемир туманларига ташриф буюрди — Фоторепортаж
- Шарқда ҳаммаси тинч эмас: Хитой ва АҚШ Тинч океанида фаоллашгани айтилмоқда
- Ватан ва виждон
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг