“Манчестер Сити”дан дуранг, “Челси”дан камбек
Кеча, 4 март куни Англия Премьер лигасининг 29-туридан ўрин олган баҳслар давом эттирилди. Кун доирасидан ўрин олган дастлабки баҳсда Лондоннинг “Челси” клуби сафарда “Астон Вилла” меҳмони бўлди.
Мусобақа жадвалида ёнма-ён бораётган ушбу 2 клуб ўртасидаги ўйин катта аҳамиятга эга эди. Яъни, агар “Челси” ушбу ўйинда ғалаба қозонса, очколари сонини 48 тага етказар ва бу орқали “Астон Вилла” билан очколари фарқини 3 очкогача қисқартириб олар эди. Амалда ҳам шундай бўлди.
Ўйинда ҳисоб 2-дақиқада мезбонлар футболчиси Дуглас Коста томонидан очилди. Лекин ўйиннинг қолган қисмида “аристократлар” ўйин назоратини қўлга олдилар.
35, 45+6 ва 64-дақиқаларда “Челси” етакчиси Жоао Педро учта гол киритди ва хет-трикка эришди. 55-дақиқада эса Коул Палмер Лондон клубининг тўртинчи голини киритди. Шу тариқа баҳс “Челси”нинг ғалабаси билан якунланди.
Турнир жадвалида яққол карвонбоши бўлиб турган “Арсенал” бу турда қийин тўсиққа учради. Микел Артета бошчилигидаги жамоа сафарда “Брайтон” меҳмони бўлди ва қийинчиликларга қарамай, минимал ҳисобда ғалабага эришди.
Ўйинда киритилган ягона голга тўққизинчи дақиқада Букайо Сака муаллифлик қилди. Ушбу ғалаба эвазига “Арсенал” клуби энг яқин таъқибчисидан 7 очкога илгарилаб кетди.
“Арсенал”ни изма-из таъқиб этиб келаётган “Манчестер Сити” бу турда муҳим 2 очкони қўлдан чиқарди. Қизиғи, жамоа қандайдир ўртамийона жамоага қарши ўйинда эмас, лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган “Ноттингем Форест” билан ўз майдонида ўтган баҳсда очко йўқотди.
Ўйинда ҳисоб 31-дақиқада Антуан Семено томонидан очилди. 55-дақиқада Морган Гиббс Уайт ҳисобни тенглаштирди.
62-дақиқада Родри ўйинда яна “шаҳарликлар”ни ҳисобда олдинга олиб чиқувчи голни киритди. 76-дақиқада эса Эллиот Андерсон меҳмонларга 1 очко тақдим этган голга муаллифлик қилди. Шу тариқа ўйин 2:2 ҳисобида якунланди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов ўйиннинг 77-дақиқасида захирадан ўйинга қўшилди. Футболчининг 13 дақиқалик ҳаракатлари “Sofascore” портали томонидан 6,7 баллга баҳоланди.
Совринли ўринлар учун курашаётган “Манчестер Юнайтед” бу турда яна мағлубиятга учради. Қизиғи, Ньюкасл шаҳрида шу номли жамоага қарши кечган баҳсда “қизил иблислар” сўнгги дақиқада дурангни қўлдан чиқаришди.
Учрашувда ҳисоб биринчи бўлимга қўшиб берилган олтинчи дақиқада Антони Гордон томонидан очилди. Пеналтидан аниқ фойдаланган англиялик футболчи “Ньюкасл”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Лекин биринчи бўлим шу билан тугамади. Таймга қўшиб берилган тўққизинчи дақиқада Каземиро ҳисобни тенглаштирди.
Ўйиннинг 90-дақиқасида эса Уильям Осула “Ньюкасл”га ғалаба келтирган голни киритди. Шу тариқа баҳс 2:1 ҳисобида якунланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” мусобақаси бошланди
- 1 март — Зулфия таваллуд топган кун. «Бугун тунда келармиш баҳор»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг