Манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси

Инсон хотира билан тирик, қадри билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардан биридир.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида таниқли шарқшунос олим, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Убайдулла Уватов таваллуд топган сана муносабати билан ёш тадқиқотчилар республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди.
«Убайдулла Уватов – манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси» мавзусидаги тадбирда олимнинг бой илмий маънавий мероси, ёш авлодни тарбиялашдаги ўзига хос мактаби ҳақида маълумот берилди.
Конференцияда сўзга чиққанлар устознинг илм йўлида кўрсатган беназир меҳнати, бой илмий-маънавий фаолияти, ўзидан қолдирган бебаҳо маънавий мероси, унинг бугунги кундаги аҳамиятига тўхталиб ўтишди. Убайдулла Уватов хотирасига бағишлаб «Зиё» медиа маркази томонидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди.
— Ўзбекистон халқаро ислом академиясида илмнинг улкан устунларидан бири, тенгсиз шарқшунос олим бўлган Убайдулла Уватов Миср олимлари орасида маълуму машҳур эди, – дейди мисрлик олим Аҳмад Саъд Даманҳурий. – У кишини яхши таниган, қадрдон бўлган араб олимлари бизга Убайдулла домланинг араб тилини мукаммал билишлари, ҳатто Миср шеваларида ҳам бехато сўзлай олганини кўп таъкидлашган эди. У киши ёзиб қолдирган кўплаб асарлар ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, олимнинг ҳадис илмига доир асарларида суннат ва ҳадис имомлари ҳақида батафсил маълумот келтирилади. Бундан ташқари, ислом оламида улуғ зотлардан бири сифатида эътироф этилувчи Имом Бухорий ҳазратларининг фидойи тадқиқотчиси ҳам Убайдулла Уватов бўлгани ҳақида шогирдлари фахр билан эътироф этишади. Амир Темур ҳақида мустабид совет даврида Ибн Арабшоҳнинг асарини таржима қилгани, улкан журъат билан Ўзбекистонга олиб келгани ҳам таҳсинга сазовор.
Чиндан ҳам ҳаёт мазмунини илму ирфон тарқатиш ҳамда муносиб шогирдлар тайёрлашда, деб билган устоз ўз илми, ақлу заковати, интеллектуал салоҳияти, илмий потенциали билан мамлакатнинг маънавий-маърифий ҳаётида ҳамда баркамол, етук кадрларни тарбиялашда муҳим роль ўйнади. Бутун умрини илм-фанга бахшида қилган, юртимиз ва жаҳон илм-фани, жумладан, тарих ва манбашунослик фанлари ривожига улкан ҳисса қўшган таниқли олим интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказишда самарали фаолият кўрсатди.
Убайдулла Уватов мустақиллик йилларида ислом оламида жуда машҳур бўлган, аммо ўз ватанида исми ҳам нотаниш кўплаб алломаларимизнинг ҳаёт йўли, илмий-маънавий меросини халқимизга таништиришдек шарафли ишни амалга оширди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Абул Муин Насафий, Абу Зайд Ломиший каби юртимизда камолга етган кўплаб алломалар ҳақида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида илмий-маърифий рисолалар нашр эттирди.
Шунингдек, олим ўз илмий фаолияти давомида 300 дан ортиқ мақола, 50 га яқин китоб ва рисолалар тайёрлади. Мазкур илмий ишлар орасида рус, араб, турк тилларида чоп этилган тадқиқотлар ҳам талайгина бўлиб, улар Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистонда нашр этилган. «Ўрта Осиё олимлари қомуси», «Ўзбекистон буюк алломалар юрти», «Буюк юрт алломалари» каби салмоқли тўпламлар ҳам олимнинг кўп йиллик машаққатли меҳнати натижасидир.
— Аввало, бугунги тадбир учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдириб ўтмоқчиман, – дейди академия профессори, олимнинг узоқ йиллик сафдош дўсти Аҳаджон Ҳасанов. – Чунки инсон бу дунёга шунчаки келиб-кетмайди. У ўзидан ёрқин из қолдириши керак. Ана шунда у бу дунёдан ўтганидан сўнг ҳам авлодлари қалбида барҳаёт бўлиб қолади. Убайдулла Уватов иккимиз олтмиш йиллик қадрдон дўст эдик. Ҳазил-мутойибани яхши кўрарди. Умрини илм олиш, билимларини ўзидан кейинги издошларига етказишдек шарафли меҳнат билан ўтказди. Буни ҳар қанча эътироф қилса арзийди.
Убайдулла Уватов 2017 йилдан вафотига қадар Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори сифатида ҳам она заминимизда қадимда фаолият юритган юзлаб алломаларимизнинг илмий фаолияти, маънавий меросини кенг тадқиқ этишда самарали иш олиб борди.
Олимнинг ҳалол меҳнати, самарали фаолияти, ёшлар таълим-тарбиясига қўшган беқиёс ҳиссаси давлатимиз томонидан ҳам муносиб қадрланиб, 2009 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2017 йили Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси фахрий унвони, 2020 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.
Анжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ўртасида устознинг илмий мероси бўйича викторина ўтказилди. Шунингдек, фидойи олим хотирасини янада абадийлаштириш мақсадида академияда ташкил этилган спорт мусобақалари ғолиблари тақдирланди. Тадбир доирасида Убайдулла Уватов муаллифлигидаги китоблар кўргазмаси ҳамда ёш тадқиқотчилар республика илмий-амалий анжумани материаллари тўплами тақдимоти ташкил этилди.
Анжуман якунида йиғилганлар Убайдулла Уватов ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари хотирасида меҳрибон ва хушфеъл, жонкуяр устоз бўлиб қолиши шубҳасиз эканини таъкидлашди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг