Семизликдан қутилиш учун истеъмолдаги унимизни алмаштиришимиз керакми?

11:33 13 Май 2020 Жамият
4827 0

Иллюстратив фото

Семизлик – оддийгина айтганда организмда ортиқча ёғ йиғилиши. Буни ҳамма ўз исмини қандай билса,ана шундай англайди. Эълон қилган маълумотларига кўра, ер юзида 18 ёшдан катталар орасида 1,9 млрд.дан кўпроқ одам ортиқча вазн билан яшайди. Ҳозирда бу соннинг янада ортганини бемалол тахмин қилиш мумкин. Улардан 650 млн.дан кўпроғида семизлик мавжуд. Ортиқча вазн ёки семизлик, асосан, саноати ривожланган давлатларда жиддий муаммога айланган. АҚШда 18 ёшдан катта аҳолининг 56 фоизи, Буюк Британияда 52 фоиз одамларда ортиқча вазн борлиги айтилади. Ҳозирда нафақат ривожланган давлатларда, балки ривожланаётган давлатларда ҳам ортиқча вазнли одамлар сони ортиб боряпти.

Вазият қандай?

Республикамизда ҳам мазкур муаммо соғлиқни сақлаш тизимида жиддий оқибатларни юзага келтирмоқда. Семизлик, асосан, унинг абдоминал (қорин соҳасидаги) шакли кўплаб касалликларнинг келиб чиқишида муҳим рол ўйнаши сўнгги йилларда олиб борилган илмий изланишлар натижасида ўз исботини топди. Соҳага оид адабиётларда ёзилишича 55 ёшдан кичик бўлган 3-даража семизлиги бўлган одамларда 2-тур қандли диабет билан касалланиш хавфи шу ёшдаги нормал тана вазнида бўлган одамларга нисбатан эркакларда 18 марта, аёлларда 13 марта юқори бўлади. 55 ёшдан кичик ёшдаги ортиқча тана вазни бўлганларда қандли диабет хавфи, худди шу ёшдаги нормал тана вазнлиларга нисбатан 3-4 баравар юқори. Бундан ташқари, тана вазни ортиб бориши билан остеоартрит, саратоннинг айрим турлари — қизилўнгач, йўғон ичак, тўғри ичак, жигар, ўт пуфаги, ошқозон, ошқозон ости бези, қалқонсимон без, сут бези, бачадон бўйни, буйрак, простата бези саратонининг юзага келишига сабабчи бўлади. Аёлларда минустриал циклнинг бузилиши, бепуштлик каби касалликлар билан оғриш хавфи ҳам ортиб боради. Яъни, ортиқча вазн ёки семизлик шунчаки касаллик эмас, балки бошқа кўплаб касалликларнинг чақирувчиси ва сабабчисидир.

Ортиқча вазндан қутилиш учун нималарга эътибор бериш зарур?

Танада ортиқча вазн йиғилиши камҳаракат ҳаёт тарзи, озиқ-овқат маҳсулотларини сурункали ва керагидан ортиқ истеъмол қилиб юриш билан боғлиқ!!! Бу ҳолатда организмда энергия баланси бузилади. Тез-тез ва узоқ вақт давомида қондаги қанд миқдорининг кўтарилиши, истеъмол қилинаётган энергия сарф қилинаётган энергиядан кўпроқ бўлиб юриши натижасида организмда ортиқча даражада ёғ тўқимаси шаклланиб боради.Агар халқимизнинг анъанавий овқатланиш тарзи, маданияти ўзгармаса биз юқорида санаб ўтилган касалликлар атрофида ўралашиб юраверамиз.

Ҳар куни имкониятга қараб, камида 3-5 км. фаол тарзда пиёда юриш зарур, қарши кўрсатмалар бўлмаса, албатта. Гликемик индекси, яъни истеъмол қилинганидан кейин қондаги қанд миқдорини ошириш даражаси паст бўлган ва озуқавий толага бой озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш керак. Чунки озуқавий тола меъёрида истеъмол қилинганда ўз вақтида тўқлик ҳиссини пайдо қилади. Қолаверса, таркибида кўп озуқавий тола тутган маҳсулотларнинг гликемик индекси ҳам нисбатан пастроқ бўлади. Бизнинг одатий овқатланиш тарзимизда ноннинг улуши кўпроқ. Аввало, ноннинг суткалик истеъмолини бугунги кунда ўртача истеъмол 700-900 граммдан 250-300 граммгача камайтириш керак. Қолаверса, истеъмолдаги унимизни алмаштириш тавсия қилинади. Чунки буғдой унининг 100 граммида озуқавий тола 3,5 — 6,6 гр, гликемик индекси-100, калорияси 340 кКал. Озиқ-овқат маҳсулотининг гликемик индекси қанчалик юқори бўлса, унинг қондаги қандни ошириш хусусияти ҳам шунчалик юқори бўлади. Яъни буғдой унининг гликемик индекси юқори ва уни қанчалик кўп истеъмол қилинса, қондаги қанд миқдори шунчалик кўп ортади ва бу организмда кўпроқ ёғ тўпланишига олиб келади.

Буғдой унини идеал тарзда алмаштириши мумкин бўлган маҳсулот жавдар, яъни қора буғдой унидир. 100 гр. жавдар уни таркибида озуқавий тола 11-14 гр, гликемик индекси 53, калорияси 298 кКал. Агарда инсон 1 суткада ўртача 250-300 грамм атрофида жавдар унида бўлган нонни истеъмол қиладиган бўлса, суткалик озуқавий тола меъёрининг деярли 70-80 фоизини қоплаган бўлади. Ҳозирда юртимизда савдо расталарида жавдар уни анчагина кам. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳот ўтказиш ва буғдой экиладиган ерларнинг маълум бир қисмига жавдар экилиши масаласини кўриб чиқиш зарур.

Семизликка олиб келувчи ва биз кўп истеъмол қиладиганимиз яна бир зарарли маҳсулот бу шакар ва шакар қўшилган маҳсулотлардир. У истеъмол қилингандан кейин овқат ҳазм қилиш трактида тез синггади, тезда қонга сўрилади ҳамда қондаги қанд миқдорини тез ва кўпроқ оширади. Биз шакар истеъмолини кескин камайтириб унинг ўрнига кўпроқ стевия истеъмол қилишимиз керак. Манбаларда келтирилишича, стевия баргларидан олинадиган стевиозид моддаси шакарга нисбатан 150 марта, стевиозидни қайта ишлашдан олинадиган ребаудиозид моддаси эса 300 марта тотлироқ экан. 100 гр. махсулот калорияси 18 кКал, гликемик индекси эса нолга тенг. 

Стевиядан Японияда узоқ йиллардан бери қанд ўрнини босувчи сифатида озиқ-овқат ва қандолатчилик саноатида кенг фойдаланиб келинади. Жаҳонда стевияни экспорт қилувчи йирик давлатлар Жанубий Корея ва Хитой мамлакати ҳисобланади. 
Манбалар кўра, стевия аллақачон юртимизда етиштириляпти. Ва ҳаттоки, стевия етиштиришдаги жаҳондаги энг илғор давлат Жанубий Кореяда етиштирилган стевиядан 16 % стевиозид олинган бўлса, юртимизда ўстирилган стевиядан 19,7% стевиозид моддаси олинган. Стевия плантацияларини кўпайтириш ва уни кенг истеъмолга жалб қилиш халқимиз саломатлиги учун ўта фойдали бўлади.

Яна юқоридагиларга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, овқатланиш рационининг асосини донли-дуккакли экин маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, ёғсизлантирилган ёки ёғи камайтирилган сут-қатиқ маҳсулотлари, кўкатлар, ёнғоқ, писта, бодом, гўшт, товуқ гўшти, балиқ каби маҳсулотлар ташкил қилиши мақсадга мувофиқ. Ҳайвон ёғи маҳсулотлари, ўта қовурилган овқатлар, энергетик ичимликлар, кўп туз қўшилган озиқ-овқат маҳсулотларини доимий тарзда истеъмол қилиб юриш ҳам семизлик ривожланишига олиб келади ва инсон саломатлиги учун фавқулодда хавфлидир.

Муроджон ЖЎРАЕВ.

Қувасой шаҳар кўп тармоқли

поликлиника эндокринолог врачи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?