Мактаб кутубхоналарига ҳар йили 10 млн донадан бадиий адабиётлар берилади

12:26 26 Декабрь 2025 Сиёсат
272 0

Фото: Президент матбуот хизмати

2026 йили «маҳаллада саноат ва хизмат» лойиҳаси орқали 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш учун 5 триллион сўм кредит берилади. Бу ҳақда Президентимиз Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида айтиб ўтди.

Кредит фоизининг миллий валютада 10 фоизгача, хорижий валютада 4 фоизгача қисми Тадбиркорлик компаниясидан қоплаб берилади. Натижада маҳаллаларда 100 мингта янги иш ўрни яратилади.

Ҳар бир маҳаллада 40 тадан микро лойиҳани амалга ошириб, 360 минг аҳолини ишли қилиш учун маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчиларига 2026 йилда яна 7,5 триллион сўм ресурс ажратилади.

Янги йилда маҳаллалардаги аҳолини, хусусан, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, бунинг учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиниб, бунга 1 триллион сўм йўналтирилади.

Маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида мактаб кутубхоналари ҳар йили 10 миллион дона бадиий адабиётлар билан таъминлаб борилади.

Иккинчи устувор йўналиш – иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш.

«Жаҳон миқёсида рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда фақат юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқарадиган давлатларгина дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлмоқда.

Шунинг учун иқтисодиётнинг барча соҳаларида юқори самарадорликка эришиш келгусида ислоҳотларимизнинг бош мезони бўлиши шарт», деди Президентимиз.

Масалан, саноатда юқори технологик ва кам энергия истеъмол қиладиган тармоқлар ривожлантирилгани ҳисобига жорий йилда 1 доллар маҳсулот учун сарфланадиган ёқилғи-энергия миқдорини 13 фоизга камайтиришга эришилди.

Шу боис, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун энг тўғри йўл – барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш экани таъкидланди.

Бу келгуси йилларда иқтисодий тараққиёт стратегиясининг асосий йўналиши бўлиши белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер