Маданият маркази замонавий мезонлар асосида фаолият кўрсатади

11:36 11 Июнь 2025 Жамият
96 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона шаҳри марказида жойлашган тарихий маданият маркази мукаммал таъмирдан чиқарилиб, бугунги давр талаби асосида фаолият олиб бориши учун барча қулайликлар муҳайё этилди.

— Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Фарғонадаги ушбу маданият марказининг ибратли ишлари алоҳида эътироф этилгани барчамизни мамнун этган эди, — дейди Ўзбекистон халқ артисти, Фарғона давлат университети профессори Султонали Маннопов. — Дарҳақиқат, мазкур маданият марказининг ўзига хос шарафли тарихи бор. Марказ биноси 1910 йилда бунёд этилган бўлиб, у маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган.

Яқин йилларда марказда 6,5 миллиард сўмлик таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Айни пайтда бу масканда 83 та тўгарак, 21 та халқ ҳаваскорлик жамоаси ва болалар бадиий жамоалари фаолият олиб боради. Тўгаракларга минг нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар қамраб олинган. Истеъдодли ёшлар орасида республика ва халқаро миқёсдаги маданий тадбирларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келаётганлари кўпчиликни ташкил этади.

Янги таъмирдан чиққан маданият кошонасида 240 ўринли концерт зали, санъат ва ҳунармандчилик тўгараклари, спорт хонаси барпо этилгани ютуқлар салмоғини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиздир. Айни жиҳатларни инобатга олиб, Фарғона шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан ҳамкорликда бу ерда ўқувчиларнинг ёзги таътилини мароқли ўтказиш мақсадида «Долзарб 90 кунлик»да қўшимча турли тўгараклар ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?