Мададга муҳтож мажмуа

12:15 01 Август 2025 Жамият
213 0

Калом илмининг буюк дарғаларидан бири Абул Мўъийн ан-Насафий Мотуридия таълимотининг фаол тарғиботчиси бўлган. Шу боис унинг қабри Абу Мансур Мотуридий дафн этилган Самарқандда деб ҳисоблаб келинарди. Тадқиқотлар, ўрганишлар давомида бу улуғ зот қабри Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида эканлиги маълум бўлди. Сўнг унинг муқаддас динимизни пок сақлаш йўлидаги хизматлари ойдинлаша борди.

Яна шуни ҳам англаб етдикки, шундай улуғ аждодимиз бор ва у шундоққина ёнимизда экану, биз буни узоқ йиллар билмай юраверган эканмиз.

Шунга кўра мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида айтган фикрлари, хусусан, Абул Мўъийн ан-Насафий абадий қўним топган манзилни ободонлаштириб, бу ерни катта зиёратгоҳга айлантириш ҳамда бу даргоҳда катта кутубхона ташкил қилиш ҳақидаги кўрсатма воҳа аҳлини, барча юртдошларимизни ниҳоятда қувонтирди.

Бинобарин, бу маскан бутун маҳобатини намоён этиб, зиёратчилар учун барча шароитлар ҳозирланди. Аллома мақбараси, янги масжид билан бирга кутубхона, новвойхонаю қассобхона, ҳатто автотураргоҳгача бунёд этилгани элга манзур, кўпга маъқул бўлгани рост.

Ўша томонларга ўтган киши яхши билади: Имом Мўъийн мажмуасидан 600-700 метр қуйида Хожа Шамсиддин Ҳалвоний мангу қўним топган манзилгоҳ ҳам бор.

Аввало, бу зотнинг кимлигини билиб олайлик.

Бу шахс Ҳанафиййа таълимотининг минг йиллар бурун Мовароуннаҳр заминида кенг ёйилишида биринчилардан бўлиб хизмат қилган Шамсул-аимма ал-Ҳалвоний номи билан донг таратган машҳур зотдир.

«Имоми Ҳарамайне» ҳамда «Шамсул-аимма» – ал-Ҳалвонийга берилган унвонлар бўлиб, уларнинг биринчиси унвон эгасининг ўз вақтида муқаддас Каъба ва Мадинадаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидига имомлик қилганини билдирса, иккинчиси «Имомлар қуёши» мазмунини англатади. Шу таърифларнинг ўзиёқ аллома ўз вақтида қай даражада улуғланганини кўрсатиб турибди.

Манбаларга кўра, Шамсиддин Ҳалвоний ас-Сарахсий, «Фахрул ислом» Али Паздавий, Абулюсур ал-Паздавий, аз-Заранжий сингари машҳур олимларнинг устозидир. «Фахрул ислом» Али Паздавий машҳур фиқҳ олими Нажмиддин Умар ан-Насафийга, у киши эса ислом фиқҳшунослиги намояндаси, «Ҳидоя» асари муаллифи Мавлоно Бурҳониддин ал-Марғинонийга устозлик қилган. Бу ҳам Ҳалвоний илмий салоҳияти нечоғлик юқори бўлганини тасдиқлайди.

Манбаларда Шамсиддин Ҳалвонийнинг фиҳқ илмига оид «Ал-Мабсут», мавжудот ва ўсимликлар ҳақидаги «Зарин», «Аз-зумрадул аҳзар вал ёқутул азҳар» асарлари мавжудлиги ҳақида маълумот берилган.

Бироқ шундай улуғ зот бўлса-да, унинг қабри жойлашган ҳудуд бугун ниҳоятда хароб ва қаровсиз ҳолда экани кишини таажжубга солади, ўйлантиради. Ўз даврида оддий пахса ва хом ғиштдан моҳирона тикланган кулоҳи гумбазли мажмуа бугун асл қиёфасини йўқотган. Йиллар ва табиат ҳодисалари, кишиларнинг эътиборсизлиги бинога ўз таъсирини ўтказган. Қолганига ваҳмак ҳам қараб турмаган: сомону ёғоч бор ерни ўйиб кетаверган, қадимий эшик ва иморатнинг майишиб қолгани боиси шундан. Иморат деворлари ёрилиб, анча жойи бузилиб ҳам кетган.

Ваҳоланки бу манзилда тарих мужассам. Ғишт ва сопол қопламалар Х-ХИИ асрларга тааллуқли. Энг эътиборлиси, бу ердаги мақбарада ўзининг тузилиш тарҳи бўйича Қашқадарёдаги энг қадимий қабр мавжуд.

Ўз бағрида минг йиллик мозийни асраб келаётган мазкур мажмуа аро юраркансан, унинг ғариб ҳолини кўриб, кўнгли ўртанади кишининг. Гўё бу иморатлар боласининг бепарволиги ва лоқайдлиги сабаб чўкиб қолган отани ёдга солади. Ҳазрат Навоий, Беруний каби аждодларимизнинг Афғонистондаги хароб қабрларини телевизорда кўриб, дилимиз қанча эзилганди, ғамга тўлганди? Улар-ку бошқа давлат, лекин ўзимиздагилар-чи? Уларнинг манзилгоҳларини обод қилиб қўйишга бизга нима етишмаяпти? Эътиборми? Ҳафсалами? Рағбатми? Ёки биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидига имомлик қилган ва «Имомлар қуёши» номига сазовор бўлган буюк ватандошимиз ҳақида ҳамон етарли маълумотга эга эмасмизми?

Балки буни айрим мутасаддилар унутган бўлса бордир, бундан бир неча йил илгари, аниқроғи, 2013 йил 1 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унда Хожа Шамсиддин Ҳалвоний зиёратгоҳини таъмирлаш учун 100 минг АҚШ доллари ажратилиши ва таъмирлаш ишлари ўша йили ноябрь ойидаёқ тугалланиши кўзда тутилган эди. Мана, оз эмас, кўп эмас, 12 йилга яқин вақт ўтди. Қарор кўпларнинг эсидан чиқиб, ул ҳужжатнинг ҳужжатлик жойи ҳам қолмади.

Тўғри, бир муддат олдин мақбара биноси қад кўтара бошлади, эски бинолар лойсувоқ қилинди, бироқ кейин ҳаммаси ўз ҳолича қолиб кетди. Кейинги натижа билан биров қизиқмади. Бу ишга масъул муассаса – маданий мерос объектлари инспекцияси, маданий мерос департаменти деган номларда фаолият олиб бордики, бугун бу идора бор-йўқлигини-да биров билмайди – бўлгани-да, тайинли иши, натижаси кўзга ташланарди.

Хуллас, Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан ажратилиши керак ва бугун у қадар катта сумма бўлмай қолган ўша 100 минг доллар нима қилинди, қаерга сарфланди, буниси қоронғи.

Нима бўлганда ҳам вақт кетказмай зиёратгоҳни тиклашга киришиш керак. Бўлмаса, яқин-орада ундан ном-нишон тополмай қолишимиз аниқ. Ҳалиям лойдан бўлишига қарамасдан бу иморатлар пишиқ-пухта қурилган экан: бемалол ундан нусха олиб, кириш пештоқи, хўжалик хоналари ва бошқа иншоотларни қайта тикласа бўлади.

Қолаверса, бир қишлоқдаги икки тарихий мажмуа мутахассис ва сайёҳлар оқимини ҳам кўпайтириши шубҳасиз.

Ҳолбуки ислом оламида Имом Мўъийн ан-Насафийнинг хизматлари қанча улкан бўлса, Шамсиддин Ҳалвонийники ҳам ундан зинҳор кам эмас. Демакки, унга бўлган муносабатимиз ҳам шунга яраша улуғвор бўлиши керак. Зиммамиздаги масъулиятни янаям чуқурроқ ҳис этадиган бўлсак, бу зиёратгоҳни ҳам таъмирлаш ва муҳташам манзилга айлантириш учун яна Президент ташаббус ва тавсияларини кутиб туриш ярашмайди. Қайтага ташаббус ўзимиздан чиққани айни муддао.

Бекзод САЙФИЕВ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?