Лондонда юқори иссиқ ҳарорат туфайли одамлар эвакуация қилинди

19:23 20 Июль 2022 Дунё
927 0

Фото: Reuters

Англия пойтахти Лондон шаҳрида кузатилган рекорд даражадаги жазирама туфайли ёнғинлар содир бўлди. Шу боис аҳолиси уйларидан эвакуация қилинмоқда, юзлаб ўт ўчирувчилар жойларда ишламоқда.

Манбага кўра, Лондон ўт ўчириш бошқармаси шаҳардаги вазиятни жиддий ҳодиса сифатида баҳолаган. Веннингтон шаҳарчасида ёнғин оқибатида 300 га яқин турар жой вайрон бўлди. Қалин тутун яқин атрофни қамраб олди.

Ёнғин пойтахтнинг Дагенхэм ва Баркинг шаҳарларида ҳам қайд этилган. Бу ерда тан жароҳати олган икки киши касалхонага ётқизилган.

Лондон яқинидаги Апминстер, Пиннер, Саутгейт, Хендон, Уэмбли, Элтам аҳоли пунктларида ҳам ёнғинлар қайд этилган.

Ўз навбатида, Лондон мэри Содиқ Хон шаҳардаги вазиятни оғир деб атади. У аҳолини яқин кунларда шаҳар ва шахсий боғларда, шунингдек, ҳовли ва балконларда ўт ўқиб таом пиширмасликка чақирди. Лондон ўт ўчириш бўлими одатда кунига 300-350 та қўнғироқни қабул қилган. Мэрнинг айтишича, сешанба куни чақирувлар 1600 тадан ошиб кетган.

Сешанба куни аввалроқ Буюк Британияда ҳарорат рекорди қайд этилгани хабар қилинганди: Цельсий бўйича 40 даражадан юқори. Лондондаги Хитроу аэропорти ҳудудида термометр Цельсий бўйича 40,2 даражага кўтарилган.

Буюк Британиядаги аввалги энг юқори ҳарорат 38,7 даража бўлиб, у 2019 йилда Кембриж университетининг ботаника боғида қайд этилган.

Буюк Британиядаги ғайритабиий иссиқлик туфайли поездлар ҳаракатида узилишлар кузатилмоқда. Бир қанча темир йўл ва автомобиль йўллари ёпилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер