«Ливерпуль»нинг ғалабасиз серияси тугади, «Лондон дербиси»да «Челси» зафар қучди

10:44 02 Ноябрь 2025 Спорт
818 0

Кеча, 1 ноябрь куни Англия Премьер-лигаси мусобақасининг 8-тур ўйинлари старт олди. Тур доирасида бир қатор қизиқарли ўйинлар бўлиб ўтди.

Етакчидан йирик ғалаба

«Арсенал»нинг барча мусобақаларда иши беш кетмоқда. Жамоа сўнгги ўйинида «Брайтон» клубини мағлуб этиш орқали Англия Лига кубогининг чорак финалига йўл олган ҳолда ушбу ўйинга етиб келди.

Йил бошида бу йил АПЛ ғолиблиги учун «Ливерпуль» ва «Арсенал» жамоалари асосий даъвогар сифатида эътироф этилган эди. Бу жамоаларнинг ўзаро ўйинида омад «мерсисайдликлар»га кулиб боқди. Аммо, сўнгги ўйинларда «Ливерпуль»нинг қатор мағлубиятлари лигада жамоалар ўртасидаги тафовутни етарли даражада катталаштириб юборди. Айни пайтда «Арсенал» клуби «Ливерпуль»дан нақд 7 очкога олдинлаб кетишни уддалади.

10-турда «тўпчилар» Бёрнли шаҳрида, шу ном билан аталадиган жамоага қарши саф тортишди. Ушбу ўйинда жароҳат сабаб жамоага Габриэл Мартинелли, Мартин Эдегор, Габриэл Жезус, Нони Мадуэке ва Кай Хаверц ёрдам бера олмадилар. Бироқ бу Микел Артета жамоасининг ғалаба қозонишига тўсқинлик қилмади.

Ўйинда ҳисоб 14-дақиқада Виктор Гёкереш томонидан очилди. 35-дақиқада Троссарднинг узатмасидан сўнг Деклан Райс ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Учрашув айнан шу ҳисобда якунланди.

«Арсенал» 2025/26 йилги мавсумда бурчакдан киритилган 8 та гол билан Англия Премьер-лигаси тарихида дастлабки 10 ўйинда бурчак тўпидан энг кўп гол урган жамоага айланди.

«Бёрнли»га қарши ўйинда Деклан Райснинг узатмасидан сўнг Виктор Гёкереш «Арсенал»нинг бурчакдан киритилган 8-голини урди.

Шунингдек, 7 ўйиндан бери «Арсенал»га ҳеч ким гол ура олмаяпти. Ҳозирча Европанинг ҳеч қайси жамоаси бундай натижа қайд эта олганича йўқ.

«Бёрнли» – «Арсенал» 0:2

Голлар: Гёкереш 14, Райс 35

«Бёрнли» – Дубравка, Уолкер, Льоренте, Туанзебе, Эстев, Хартман, Флорентино, Каллен (Эдвардс, 83), Угокуху (Ларсен, 62), Энтони, Флемминг.

«Арсенал» – Райя, Тимбер, Калафиори, Салиба, Габриэл, Райс, Субименди (Норгард, 77), Эзе (Нванери, 72), Сака, Троссард (Льюис-Скелли, 90+1), Гёкереш (Мерино, 46).

«Манчестер Юнайтед»нинг ғалабали серияси тугади

Қатор-асоса 3 та ўйинда «Сандерленд», «Ливерпул» ва «Брайтон»ни мағлуб этган «Манчестер Юнайтед» турнир жадвалида ҳам кучли еттиталикка киришни уддалади. 10-турда «Ноттингҳэм Форест»ни мағлуб этиш уни 2-ўринга олиб чиқиши мумкин эди. Аммо Аморим шогирдлари бу гал ғалаба қозона олишмади.

«Ноттингҳэм Форест»да эса ишлар чаппасига кетган, жамоа қаторасига 4 та ўйинда мағлубиятга учраган эди. Аммо бу гал турнир жадвалида 18-ўринни эгаллаб турган клуб очко ишлаб олишга кучи етди.

Шу куни «Манчестер Юнайтед»да жароҳат сабаб бирорта етакчи футболчининг сафдан чиқиши ҳолати учрамади. Қайта, аутсайдер «Ноттингҳэм Форест» таркибида Ола Аина, Олександр Зинченко, Крис Вуд каби етакчи футболчилар майдонга туша олишмади.

Учрашувда ҳисоб 34-дақиқада меҳмонлар томонидан очилди. Брунонинг ажойиб узатмасидан сўнг Каземиро мавсумдаги учинчи голини киритди ва ўйин якунида «учрашув қаҳрамони» сифатида эътироф этилди. Биринчи тайм 0:1 ҳисоби билан якунланди.

Иккинчи бўлимни мезбонлар фаол бошлади. 48-дақиқада Морган Гиббс-Уайт ҳисобни тенглаштирган бўлса, 50-дақиқада Николо Савона «Ноттингҳэм Форест»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

81-дақиқада Амад Диалло ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа ўйин 2:2 кўринишида якунланди.

«Ноттингҳэм Форест» – «Манчестер Юнайтед» 2:2

Голлар: Гиббс-Уайт 48, Савона 50 – Каземиро 34, Диалло 81

«Ноттингҳэм Форест» – Селс, Уилямс, Мурильо, Миленкович, Савона, Андерсон, Луис (Йейтс, 14), Ндоэ, Гиббс-Уайт, Хадсон-Одои (Сангар, 90+2), Жезус.

«Манчестер Юнайтед» – Ламменс, Далот (Доргу, 68), Йорро (Мазрауи, 77), Де Лигт, Шоу, Каземиро, Фернандеш, Амад, Куня, Мбеумо, Шешко.

Огоҳлантиришлар: Ндоэ 62 – Мазрауи 85.

«Ливерпуль»нинг ғалабасиз серияси тугади

Мавсум бошида чемпионлик учун асосий фаворит сифатида эътироф этилган «Ливерпуль» жамоаси Ливерпуль шаҳри дербисида «Эвертон»ни мағлуб этганидан бери фақат мағлубиятга учради. Жамоа сўнгги турларда Англия Лига Кубоги мусобақасидан чиқиб кетишидан ташқари, АПЛ доирасида «Кристал Пэлас», «Манчестер Юнайтед», «Челси», «Брентфорд» каби жамоаларга ютқазди.

Бу турга келиб эса «мерсисайдликлар» ниҳоят ғалабага эришди. Арне Слот бошчилигидаги жамоа бу турда «Астон Вилла»ни мағлуб этди.

Учрашувда ҳисоб биринчи бўлим якунида Муҳаммад Салоҳ томонидан очилди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимда ҳам мухлислар 1 та голга гувоҳ бўлишди. 58-дақиқада Алексис Мак Аллистернинг узатмасидан сўнг, Райан Гравенберҳ ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Шу тариқа ўйин 2:0 ҳисобида ўз якунiga етди.

«Ливерпуль» – «Астон Вилла» 2:0

Голлар: Салоҳ 45+1, Гравенберҳ 58

«Ливерпуль»: Мамарадашвили, Ван Дейк, Конате, Робертсон, Гравенберҳ, Собослаи, Мак Аллистер, Салоҳ, Брэдли, Гакпо, Экитике (Виртц, 77).

«Астон Вилла»: Мартинес, Кэш, Конса, Торрес (Мингс, 75), Дин (Маатсен, 75), Камара, Онана, Макгинн (Баркли, 59), Эванн (Мален, 59), Рожерс, Уоткинс (Санчо, 75).

«Лондон дербиси»да «Челси» устун келди

Турнинг марказий ўйини Лондон шаҳрида жойлашган «Тоттенҳэм Хотспур» стадионида бўлиб ўтди. Унда майдон эгалари ўз ҳамшаҳари «Челси»ни қабул қилди.

Учрашув меҳмонларнинг тўлиқ устунлиги остида ўтди. Ўйин давомида 8 та сейв амалга оширган «Тоттенҳэм» дарвозабони Викарио баҳснинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Ўйин олдидан ҳар икки жамоада жиддий йўқотишлар бор эди. Аммо бу баҳсда «Тоттенҳэм»га «захираси тор» эканлиги катта муаммо келтирди.

Ўйинда киритилган ягона голга 34-дақиқада Педро Жоао муаллифлик қилди. Шу тариқа баҳс 0:1 ҳисоби билан «аристократлар» ғалабаси билан якунланди.

«Тоттенҳэм» – «Челси» 0:1

Гол: Жоао Педро 34

«Тоттенҳэм»: Викарио, Порро, Дансо (Ромеро, 60), ван де Вен, Спенс, Палиния, Сарр, Кудус, Бентанкур (Ришарлисон, 60), Бергвалл (Симонс, 70; Одоберт, 73), Коло Муани (Жонсон, 73).

«Челси»: Санчес, Жеймс, Фофана, Чалоба, Кукурелья, Густо (Лавия, 76), Кайседо, Нету (Эстевао, 85), Фернандес.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?