«Ливерпуль» ёки «Реал Мадрид». Қайси жамоа кучлироқ?

17:58 04 Ноябрь 2025 Спорт
931 0

5 ноябрь куни УЕФА Чемпионлар лигасининг 4-тури доирасидаги баҳслар бошланади. Турнинг «марказий ўйинлари»дан бири Ливерпул шаҳрида бўлиб ўтади. Унда АПЛнинг амалдаги чемпиони «Ливерпуль» клуби айни пайтда Ла Лигада пешқадам бўлиб турган «Реал Мадрид»ни қабул қилади. Ушбу ўйин олдидан жамоаларнинг имкониятларини солиштириб чиқамиз.

Ўзаро ўйинлар тарихи

«Ливерпуль» ва «Реал Мадрид» жамоалари расмий мусобақалар доирасида жами 14 марта тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг 12 таси УЕФА Чемпионлар лигасида, яна 2 таси тижорий турнирлар доирасида бўлиб ўтган.

«Реал Мадрид» клуби 9 та ўйинда ғалаба қозонган. Бу барча ўйинларнинг 64 фоизи дегани. 4 та ўйинда «Ливерпуль»нинг қўли баланд келган. Яна 1 та ўйинда кучлар тенг келган.

Ушбу баҳсларда «Реал Мадрид» жамоаси рақиби дарвозасига 21 та гол киритган. «Ливерпуль» эса шу вақтга қадар «мадридликлар» дарвозасига 12 марта йўл топган.

Ушбу жамоалар ўртасидаги энг ёдда қоларли ўйинлардан бири 2023 йилнинг 21 февраль санасида бўлиб ўтган. УЕФА Чемпионлар лигасининг нимчорак финали доирасидан ўрин олган ушбу тўқнашувда «Ливерпуль» Дарвин Нуньес ва Муҳаммад Салоҳ томонидан дастлабки 20 дақиқада киритилган 2 та гол ҳисоби орқали ғалаба қозониб турган, аммо якунда 2:5 ҳисобида мағлуб бўлган.

«Реал Мадрид»дан голларга Винисиус Жуниор (2 та), Карим Бензема (2 та) ва Эдер Милитао муаллифлик қилган. Ушбу ўйинда жами 7 та гол киритилган ва мазкур баҳс ўзаро ўйинлар тарихида энг кўп гол урилган учрашув сифатида ёдда қолган.

2009 йил УЕФА Чемпионлар лигасининг нимчорак финали доирасидан ўрин олган ўйинда эса «Ливерпуль» жамоаси «қироллик клуби»ни 4:0 ҳисобида мағлуб этган. Ўша ўйинда голларга жамоа афсонаси Стивен Жеррард (2 та), Фернандо Торрес ва Андреа Доссена муаллифлик қилган.

Мазкур жамоалар ўртасидаги сўнгги ўйин эса 2024 йилнинг 27 ноябрь санасида бўлиб ўтган. Ушбу баҳсда Англия вакили Алексис Мак Аллистер ва Коди Гакпо томонидан киритилган голлар эвазига «Ливерпуль» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Жамоаларнинг ушбу мавсумдаги натижалари

Айни вақтда «Реал Мадрид»нинг ишлари жуда яхши. Жамоа бугунги кунда ўзининг азалий рақиби «Барселона» клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этиш орқали Ла Лигада яққол етакчига айланди.

«Қаймоқранглилар» Ла Лиганинг сўнгги турида ҳам 4:0 ҳисобида ғалаба қозондилар. Бу Хаби Алонсо бошчилигидаги жамоанинг ушбу мавсумдаги Испания чемпионатидаги ўнинчи ғалабаси бўлди.

Шунингдек, мадридликлар УЕФА Чемпионлар лигасида ҳам жуда мазмунли ўйин намойиш этмоқда. Жамоа турнирнинг дастлабки 3 та ўйинида Франциянинг «Марсель», Қозоғистоннинг «Қайрат» ва Италиянинг «Ювентус» жамоаларини мағлубиятга учратган ҳолда 9 очко билан мусобақа жадвалида етакчи бўлиб турибди.

«Ливерпуль»да эса ишлар унчалик яхши эмас. Жамоа сўнгги 45 кун ичида жиддий синовларга дуч келмоқда.

Жамоа 27 сентябрьдан 26 октябрьгача Англия Премьер-лигасида 4 та ўйинлик мағлубиятли серияни ўтказди. Ушбу баҳсларда Арне Слот бошчилигидаги жамоа «Челси», «Манчестер Юнайтед», «Кристал Пэлас» ва «Брентфорд» каби рақиблардан ютқазди.

Шунингдек, «мерсисайдликлар» УЕФА Чемпионлар лигасида ҳам «Галатасарай» майдонида мағлубиятга учради. Етмаганига, Муҳаммад Салоҳ бошчилигидаги жамоа 30 октябр куни «Кристал Пэлас»га йирик ҳисобда ютқазиб, Англия лига кубоги мусобақасини тарк этди.

«Реал Мадрид» ва «Ливерпуль» клубларининг бу йилги кўрсаткичлари:

Урилган голлар сони:

«Реал Мадрид» — 34

«Ливерпуль» — 26

Ўтказиб юборилган голлар сони:

«Реал Мадрид» — 11

«Ливерпуль» — 18

Тўп назорати:

«Реал Мадрид» — 61 фоиз

«Ливерпуль» — 62 фоиз

Тўп узатмаларнинг аниқлиги:

«Реал Мадрид» — 90 фоиз

«Ливерпуль» — 85 фоиз

Тўп учун курашларда устунлик:

«Реал Мадрид» — 55 фоиз

«Ливерпуль» — 52 фоиз

Ҳар ўйиндаги ўртача зарбалар сони:

«Реал Мадрид» — 8

«Ливерпуль» — 5

«Реал Мадрид»нинг кучли жиҳатлари:

1. Жамоага янги келган футболчилар аллақачон мослашиб кетишди.

2. Жамоа ҳужумларда жуда хилма-хил ўйнаяпти. Хаби Алонсо келгандан сўнг креативлик анча ошди.

3. Жамоанинг етакчилари – Мбаппе, Винисиус Жуниор ва бошқалар максимал спорт формасига кириб улгуришди. Айниқса, Мбаппе қаторига бир неча ўйиндан бери гол уриб келмоқда.

«Қаймоқранглилар»нинг камчиликлари:

1. Ҳимояда тезкор ҳужумларга қарши барқарорлик етишмайди, бўш жойлар қолдириб қўйишади.

2. Яратувчи имкониятлар кўп бўлса-да, ҳужумни якунлашда баъзан самарадорлик паст бўлади.

3. Юқори босим қўядиган рақиблар қарши ўйин қуриш ва комбинацияларни давом эттиришда қийналишади.

«Ливерпуль»нинг устун жиҳатлари:

1. Ҳужум чизиғида имкониятларнинг кенглиги. «Мерсисайдликлар»нинг ҳужум чизиғида рақобат жуда кучли.

2. Марказдаги устунлик. Арне Слот жамоаси марказий ярим ҳимояда жуда яхши ўйин намойиш этмоқда.

3. Узоқдан яхши зарба берадиган футболчиларнинг кўплиги ҳам «Ливерпул»га бу ўйинда қўл келади. Сабаби, «Реал Мадрид» ҳимояланишни анча юқорида бошлайдиган жамоа.

«Ливерпуль»нинг камчиликлари:

1. «Ливерпуль»нинг асосий муаммоси, шубҳасиз, ҳимоя чизиғида. Чемпионликка асосий номзод жамоа аллақачон ўз дарвозасидан 14 та тўп олиб чиқди. Ван Дейк ишончли, аммо Конате ва Робертсон тез-тез позициядан чиқиб кетмоқда.

2. Клоппдан кейинги даврда прессинг ва прессингдан кейинги босим ҳали мукаммал ишламаяпти. Орқа чизиқ ва ярим ҳимоя ўртасида катта «бўшлиқ зоналари» пайдо бўлмоқда.

3. Сўнгги 5 расмий ўйинда «Ливерпуль» бурчак зарбаларидан ҳимояланишда хатоларга йўл қўймоқда. Фақат Ван Дейк ҳаво дуэлларида кучли, қолганларда бу борада муаммолар бор.

Йўқотишлар:

Ушбу баҳс олдидан ҳар икки жамоада ҳам бир қатор йўқотишлар мавжуд.

Меҳмонлар сафида ушбу ўйинни Антонио Рюдигер, Давид Алаба ва Дани Карвахаль каби футболчилар ўтказиб юборади.

«Мерсисайдликлар» сафида эса мазкур баҳсда Аллисон Беккер, Кёртис Жеймс, Жиованни Леони ва Жереми Фрингпонг каби футболчилар ёрдам бера олмайди.

Сўнгги сўз:

Ҳозирги ҳолатда кайфият жиҳатидан ҳам, жисмоний тайёргарлик нуқтаи назаридан ҳам «Реал Мадрид» устунликка эга. Жамоа Англияга фаворит сифатида ташриф буюради.

Аммо, «Ливерпуль» ўзини асосан катта ўйинларда намоён этадиган жамоа эканини ҳам унутмаслик керак. Шу боис, Арне Слот бошчилигидаги жамоа бу баҳсда осонликча таслим бўлмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?