Кутубхона фабрикага айланмасин
Китоб – инсон маънавиятининг хазинаси, бебаҳо бойлик. Таъбир жоиз бўлса, дунёнинг саккизинчи мўъжизаси. Шунинг учун ҳам унинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Башариятнинг буюк кашфиёти ҳисобланган китобни ҳеч нима билан алмаштириб ҳам бўлмайди. Чунки китоб – ўзининг саҳифаларида одамнинг тафаккурини мужассам этган, тарих солномалари ва ҳаёт ҳақиқатлари битилган мўътабар манба. Китоб ўқиган инсон маънавиятли, теран фикрлайдиган, мулоҳазали, энг муҳими, яхши ва ҳалол инсон бўлиб камол топади.
Кун сайин ривожланиб бораётган юртимизда китобхонлик маданияти одамлар орасида, айниқса, ёшлар ўртасида бир қадар оқсаётгандек, назаримда. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан давлат бюджети ҳисобидан «Мутолаа» платформаси ташкил қилиниб, ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналари электрон равишда бир жойда жамланганини эътироф этиш, бу платформа китобхон ёшлар сафини мингларча кўпайтирганини олқишлаш адолатдан бўлади. Бироқ, шу етарлими, хотиржамлик учун кафолат бўла оладими, деган оғриқли саволлар ҳам йўқ эмас.
Президентимизнинг 2026 йил 15 январдаги «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори барча китобхон юртдошларимизни қувонтирди. Аммо...
Ҳозирги Нурафшон шаҳри «Тўйтепа» маҳалласида жойлашган Ўрта Чирчиқ тумани марказлашган кутубхоналар тизими идораси кутубхона тугатилгач, узоқ йиллар дорихонанинг омборхонаси вазифасини ўтади. Эндиликда эса қайси бир тадбиркор бу собиқ зиё маскани ўрнида эшик ва дераза ромини тайёрлайдиган фабрикага асос солаётгани ташвишли. Бу аҳволни кўриб қалбига зиё қуёши нур сочиб турган ҳар ким ҳам қаттиқ афсусланди...

Кўпчилик яхши эсласа керак, атоқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Азиз Қаюмов вафотидан атиги бир ҳафта илгари ўша вақтдаги Тошкент шаҳри ҳокимига очиқ хат ёзиб, уни матбуотда эълон қилганди. Унда Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейининг бир қисми хусусий тадбиркорга бериб юборилгани, бинонинг айнан шу қисмида тарихий деворий суратлар ва экспонатлар сақланиши, бу иш мўмай даромад келтирса-да, миллий маънавиятга жиддий зарар етказиши ҳақида ёзилган эди. Ўз ишидаги камчиликни уққан ҳоким Адабиёт музейининг биносини тўлиқ маданият муассасаси ихтиёрига қайтарганди.
Бугун орамизда Азиз Қаюмов йўқ, Адабиёт музейи ҳам тўлиқ музей тасарруфида. Лекин битта очиқ хат ва маънавият учун эътиборга эҳтиёж бор. Биз ёшлар китоб ўқимаслиги, уларнинг бу борада дангасалиги, айрим адабиёт муаллимларига педагогик маҳорат етишмаслиги ҳақида кўп ва хўп сўзлаймиз. Масалага кенгроқ дунёқараш билан назар солайлик-чи.
Дейлик, Нурафшон шаҳрининг «Тўйтепа» маҳалласида жойлашган ва бир неча ўн йиллар туман марказий кутубхонаси вазифасини бажарган мазкур бино янги ишлаб чиқариш объектига эмас, кўҳна маданият даргоҳига айланса, қандай бўлади? Менимча, қанддек бўлади! Бино қайта таъмирланиб, унинг мутолаа хоналари янги жиҳозлар билан таъминланса, кутубхона биносининг ўзи эса маданий мерос объекти сифатида эътироф этилса, рисоладагидек иш бўларди. Ҳозирги ёшларни китобхонликка қизиқтиришнинг бир қанча йўллари бор. Шулардан бири китобхонлик туризмидир. Кўҳна кутубхона жозибаси кўплаб ёшларни ўзига жалб этиши, уларни китоб мутолаасига тарғиб қилишига ишонамиз.
Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг