Кунчиқар юрт истиқболи

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилояти саноати ривожланиб бораётган ҳудуд ҳисобланади. Айниқса, қишлоқ хўжалигида етарли тажриба мактабини яратганлиги билан эътиборлидир. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш ва реал даромадларини оширишда томорқадан, маҳаллаларда деҳқончилик қилиш учун ижарага ажратилган ер майдонларидан унумли фойдаланиш, хусусан, «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида олиб борилган ишлар самарадорлигида муҳим ўрин тутмоқда.
— Айни пайтда вилоятимизда 11 мингдан зиёд саноат корхоналари фаолият олиб бормоқда, — дейди халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати Насибахон Тўйчиева. — Уларнинг аксарияти мавжуд 47 та саноат зонасида мужассамлашган. Давлатимиз раҳбарининг олдинги йилларда вилоятимизга ташрифлари чоғида берган кўрсатмалари ижросини таъминлаш доирасида 2,3 триллион сўмлик 1000 та лойиҳа амалга оширилди. Мазкур зоналарда ўтган йилда 1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қарийб 31 миллион долларлик экспорт қилинди.
— Ўтган йили туманлардаги ижарага ажратилган 436 гектар ер майдонларида 2 минг 434 та деҳқон хўжаликлари иштирокида 44 та лойиҳа юзага чиқарилди, — дейди халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати Хуршидахон Халилова. — Натижада 133,6 миллиард сўмлик 31,9 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Ҳар бир хўжалик ўртача 55 миллион сўмдан даромад олди. Масалан, Асака туманининг Обод маҳалласида 65 нафар фуқарога ажратилган 10 гектар ер майдони танлаб олиниб, бодринг етиштириш бўйича самарали иш олиб бораётган тажрибали фермерга бириктирилди. Банк томонидан маҳсулот етиштириш харажати учун 150 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. Натижада 560 тонна бодринг етиштирилиб, хорижга 3,9 миллиард сўмлик экспорт фаолияти ташкил этилди. Бу ҳар бир ер эгасининг 60 миллион сўм даромад топишига сабаб бўлди.
Вилоятда турли дастурлар доирасида аҳоли даромадини ошириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 49 мингта лойиҳа ташаббускорига 1 триллион 106,6 миллиард сўм миқдоридаги кредитлар ажратилди. Ўтган йилда бундай хайрли ишлар туфайли 447 минг 975 нафар ишсиз аҳоли доимий даромад манбаига эга бўлди. Натижада ишсизлик даражаси йил бошига нисбатан 1,6 фоизга камайиб, 5,4 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва тадбиркорликка йўналтириш ҳамда ўқитиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, вилоят меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича 21 минг 352 нафар ишсиз фуқаро ўқитилди. Ўқишга жалб этилганларнинг аксарияти «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз фуқаролардан иборат бўлди. Уларнинг 92 фоизи иш билан таъминланди.
— Турмуш ўртоғим вафотидан сўнг уч нафар вояга етмаган фарзандим билан қолдим, — дейди Андижон шаҳрида якка тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи Гулнорахон Отажонова. — На касбим, на ҳунарим борлиги учун ишга жойлаша олмадим. Кутилмаганда маҳалла фаоллари ҳолимдан хабар олишиб, вазиятни ўрганишди. Қандолатчиликка қизиқишимни инобатга олишиб, ушбу йўналишда сабоқ берувчи ўқишга таклиф қилишди. Бу ерда олган билимларим қисқа муддатда якка тадбиркорлик фаолиятини бошлашимга туртки бўлди. Ҳозир хонадонимда турли пишириқлар тайёрлаяпман. Бу борада икки нафар қўшним яқиндан ёрдам беряпти. Маҳсулотимизни Андижон шаҳридаги савдо дўконларига пешма-пеш етказиб бермоқдамиз. Шу тариқа бир ойда ўртача 5-6 миллион сўм даромад ишлаб топяпман.
Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи ҳам вилоят ҳаётида туб бурилишлар ясаши муқаррар. Республикамизнинг кунчиқар юртида янги истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг