Кремль Путин ва Трамп учрашувини тасдиқлади

14:51 07 Август 2025 Дунё
224 0

Архив фото

Жаҳон оммавий ахборот воситалари биринчи саҳифаларида Кремль Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасидаги бўлажак учрашувни тасдиқлагани ҳақидаги хабарни чоп этди.

Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Россия ва АҚШ яқин кунларда Путин ва Трамп ўртасидаги учрашув бўйича келишиб олган ва ҳозир унинг устида иш олиб борилмоқда. Унинг баёнотидан кўп ўтмай, бўлажак учрашув ҳақидаги хабарлар жаҳоннинг етакчи нашрларининг биринчи саҳифаларида пайдо бўла бошлади. Хусусан, Британиянинг “Financial Times” газетаси ва “Sky News” телеканали, Франциянинг “Figaro”, “Monde”, “Parisien” газеталари ва BFMTV телеканали, Германиянинг “Frankfurter Allgemeine Zeitung”, “Welt” газеталари ва “Tagesschau” портали, Финляндиянинг “Ilta-Sanomat” ва “Helsingin Sanomat” газеталари, Испаниянинг “Pais” ва “20 minutos” газеталари ушбу янгиликларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Путин чоршанба куни Кремлда АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффни қабул қилди. Бу жорий йил бошидан бери уларнинг бешинчи учрашуви ҳисобланади. Бунгача сиёсатчилар 11 февраль, 13 март, 11 ва 25 апрель кунлари Москва ва Санкт-Петербургда мулоқот қилган эди.

АҚШ Стив Уиткоффнинг Москвага ташрифини яхши ва Россия расмийларининг мулоқотни давом эттиришга тайёрлигидан далолат деб ҳисоблади. Хусусан, Дональд Трамп шахсан ўзи махсус вакили Путин билан жуда самарали учрашув ўтказганини таъкидлади.

Путин ва Уиткофф учрашуви натижаларини биринчи бўлиб Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари, музокаралар жараёнида фаол иштирок этаётган Кирилл Дмитриев изоҳлади. Унинг айтишича, конструктив мулоқот давом этади.

Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Путин ва Уиткофф биринчи навбатда Украинадаги можаро, шунингдек, Россия ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг эҳтимолий ривожланиши истиқболларини муҳокама қилган.

Учрашув қаерда ўтказилади?

“The Guardian” газетасининг ёзишича, Халқаро жиноий суднинг Россия президенти Владимир Путинни «ҳибсга олиш» бўйича ордери унинг АҚШ етакчиси Дональд Трамп билан учрашувини ташкил қилиш учун мос давлатлар сонини чеклайди.

Нашрнинг қайд этишича, Путин ва Трамп ўртасидаги олдинги учрашув 2018 йилда бўлиб ўтган Хелсинкида музокаралар олиб боришнинг иложи йўқ.

Чунки Финляндия Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилган 125 давлатдан бири ҳисобланади. Худди шу сабабга кўра, Совуқ уруш даврида СССР ва АҚШ раҳбарларининг саммитларига мезбонлик қилган Швейцария, Австрия, Исландия, Мальта, Франция, Испания ва Буюк Британия каби давлатлар ҳисобга олинмайди.

Газета, шунингдек, учрашув Потсдам, Ялта ёки Иккинчи жаҳон уруши даврида Гитлерга қарши коалиция давлатлари етакчиларининг конференциялари ўтказилган Теҳронда бўлиб ўтиши эҳтимолини ҳам жуда паст, деб ҳисоблайди.

“Бу Россия ва Украина ўртасида музокаралар бўлиб ўтган Саудия Арабистони ёки Туркияда саммит ташкил этишни англатиши мумкин. Яна бир вариант Венгрия бўлиши мумкин. Чунки унинг бош вазири Виктор Орбан ҳам Трампга, ҳам Путинга яқин бўлиб, аввалроқ ўз мамлакати Халқаро жиноий суддан чиқиш ниятини эълон қилган эди”, — дейилади газета мақоласида.

Россия президентининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, томонлар музокаралар ўтказиш жойи ҳақида ҳам келишиб олган, бироқ бу ҳақда кейинроқ эълон қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер