Коррупция — тараққиёт кушандаси

Коррупция бу — мансаб мавқейидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят туридир. У жамиятни турли йўллар билан исканжага олади. Сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш учун қанча қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан аниқ режалар асосида амалий ишлар олиб борилмоқда. Шу йилнинг тўрт ойида вилоятда 3253 та жиноят ҳисобга олинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 146 фоизга ошганини кўрсатади. Буларнинг 751 таси аниқланадиган, 1193 таси олдини олиш мумкин бўлган, 1309 таси ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил этади. Оғир турдаги жиноятлар 4,9 фоизга, номусга тегиш 23 фоизга, босқинчилик 100 фоизга, автомобилни олиб қочиш 25 фоизга камайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан олиб борилган ҳамкорлик натижасида 90 та жиноят бартараф этилди. Вилоятдаги 1126 маҳалланинг 697 таси «яшил», 334 таси «сариқ», 95 таси «қизил» тоифага кириб, жиноят содир бўлган маҳаллалар 429 тани ташкил қилди. Маҳаллаларда содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,5 фоизга камайган. Бунга масъул 46 нафар ички ишлар ходими, 14 нафар маҳалла раиси, 17 нафар ҳоким ёрдамчиси, 6 нафар ёшлар етакчиси ҳамда 7 нафар хотин-қизлар фаоли интизомий жавобгарликка тортилиб, 3 та жиноят иши қўзғатилди.
Вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан жорий йилда 48 нафар шахсга нисбатан 28 та жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят ишлари судловга юборилди. Тергов давомида аниқланган, давлатга етказилган 13 миллиард сўм зарар тўлиқ ундирилиши таъминланган. 144 та коррупциявий жиноят ишлари тергов қилиниб, 210 нафар шахс турли жавобгарликка тортилган. Уларнинг 55 нафарини мактабгача ва мактаб таълими, 27 нафарини соғлиқни сақлаш, 17 нафарини банк тизими, 9 нафарини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, 8 нафарини маҳаллий ҳокимият органлари ходимлари ташкил этади. 23 нафар ҳоким ёрдамчиси, 5 нафар адвокат, 7 нафар солиқ соҳаси ходими коррупцион жиноятга қўл урган ачинарлидир.
Вилоят прокуратураси ҳамда ҳокимлик билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» асосида амалга оширилаётган ишлар, соҳаларни рақамлаштириш орқали коррупциявий жиноятларнинг олдини олиш, кенг жамоатчилик билан биргаликда профилактик тарғибот ишлар олиб борилмоқда. Вилоят солиқ бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида ўрганиш ўтказилиб, бир қатор хато ва камчиликлар аниқланди. Жумладан, 2023-2025 йилларда тизим ходимлари томонидан содир қилинган жиноятлар таҳлил қилиниб, унга имкон берган ҳолатлар бартараф қилинмагани, соҳада рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтиришга янада кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Ходимлар томонидан тадбиркорлар фаолиятини ноқонуний текшириш, бу жараёнда белгиланган тартибни бузиш ва тадбиркорнинг фаолиятига чекловлар қўйилганлиги бўйича аниқланган ҳолатларга кескин чоралар кўрилиши маълум қилинди. Идорадаги кадрлар билан ишлаш, нопок ходимлардан соҳани доимий тозалаш, маҳаллийчилик, уруғ аймоқчилик ва гуруҳбозлик ҳолатларига чек қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Вилоят прокуратураси вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»га доирасида бандликка кўмаклашувчи органларни коррупциядан ҳоли ташкилотга айлантириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланган. Бу борада ўтказилган таҳлиллар давомида соҳада айрим бандлик хизмати турлари рақамлаштирилмаганлиги ва иш жараёнига инсон омилини аралашуви каби тизимли муаммолар мавжудлиги аниқланди. Шу боис бандликка кўмаклашувчи органлари ходимлари томонидан фуқароларга кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида мутасадди идора ва ташкилотлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Вилоят прокуратураси билан жорий йил учун тасдиқлаган қўшма йўл харитасининг 5-бандига асосан ҳудудларимизда фаолият кўрсатувчи давлат меҳнат ҳуқуқи ва меҳнатни муҳофаза қилувчи инспекторларни дастурий таъминот билан таъминлаш борасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига таклифлар берилди. Вазирликнинг амалий қўллаб-қувватлаши натижасида Республикада биринчи бўлиб Самарқанд вилояти ва туманларимиздаги давлат меҳнат ҳуқуқи ва меҳнатни муҳофаза қилувчи инспекторлар планшетлар билан таъминланди. Мазкур йўналишни рақамлаштириш инспекторларни ҳам вақтини тежашга, ҳам қоғозбозликларга чек қўйишга, коррупциявий хавф-хатарларни олдини олишга хизмат қилади. Коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш фақат тегишли органларнинг эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз бу хавфни бартараф этамиз.
Муродқосим ЭШНАЗАРОВ,
Самарқанд вилоят прокурори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг