Кластернинг комбайнчи қизи

18:46 25 Июль 2022 Жамият
707 0

Ҳа, шундай. Дилчеҳра Эргашева Пахтакор туманидаги «Silverleafe» пахта-тўқимачилик кластерида комбайн оператори бўлиб ишлайди.

Бу ҳақда аксарият юртдошларимиз “Янги Ўзбекистон” боғида Ёшлар кунига бағишланган тантанали тадбир орқали хабар топишди. Сабаби, бир гуруҳ ёшлар қаторида Дилчеҳра Эргашева давлатимиз раҳбарининг қўлидан юксак мукофот — «Келажак бунёдкори» медалини қабул қилиб олди.

Кўпчилик Дилчеҳранинг комбайн оператори эканлигини эшитганида ҳайрон қолгани ҳам бор гап. Одатда қизлар техникадан узоқ юришади-да. Дилчеҳрада эса бунинг акси. Унинг болалагидан техникаларга қизиқиши баланд.

— Кичкиналигимдан катта техникаларни бошқаришни орзу қилардим, — дейди у. — Ўйлаб кўрсам, бу менга отамдан ўтган бўлса керак. Чунки улар техника тилини жуда яхши тушунади, механизатор. Техника билан тил топишиб кетишим қонимда бор, десам, адашмаган бўламан.

«Silverleafe» пахта-тўқимачилик кластери томонидан хотин-қизларни ишга қабул қилиш бўйича берилган эълон Дилчеҳранинг орзулари сари йўлакча очди. Негаки, кластер раҳбарияти хотин-қизлар орасидан «John Deere» техникалари учун операторлар излашаётган эди. Бу эса Дилчеҳра учун айни муддао бўлди.

— Кластерга бориб техникаларни кўргач, қизиқишим яна ортди. Лекин ички ҳадик ҳам йўқ эмасди: бундай улкан техникани ҳайдаш қийин эмасмикан? Йўқ, жуда осон экан. Назарий ва амалий машғулотлар давомида «John Deere»ни ўзимга бўйсундириб олдим, — дейди у жилмайиб.

Дилчеҳра Эргашева ёш ва нозик бўлишига қарамай, юқори унумли ва улкан «John Deere» комбайнини устамонлик бошқаради. Унинг эслашича, рулга илк бор 2020 йилда мустақил равишда ўтирган. Ўшанда лазерли ускуналар ёрдамида экин ерларини текислаган. Сўнг пахта териш машинаси, кейин эса комбайнни бошқарган. Масалан, бу йилги ғалла ўрим-йиғим мавсумида шериги билан бирга, жами 541 гектар ердаги ғалла ҳосилини йиғиштириб олди.

— Кўпчилик қиз бола учун техникани бошқариш қийин эмасми, деб сўрашади. Тўғрисни айтаман, шу пайтгача оғирликни сезмаганман. Аксинча, «John Deere»ни бошқариш жуда қулай. Бу техникалар ўта замонавий ва шинам. Ҳайдовчи учун яратилган шароит енгил машиналардагидан асло қолишмайди. Масалан, ҳозир ғалладан бўшаган майдонларни текислаяпмиз. Кейин пахта терамиз. Мавсумий ишларга қараб техникамизнинг агрегати ўзгаради, холос. Айтайлик, пахта терими тугаганидан сўнг унга биз, операторлар тили билан айтганда, “капалаак” мосламасини тақамиз. Унинг ёрдамида ғўза поялари ўрилади-да, майдаланиб, тупроққа аралаштириб кетилади. Бу ер учун бебаҳо ўғит ҳисобланади.

Айни пайтда Дилчеҳра Эргашева олий ўқув юртининг истеъдодли талабаси ҳамдир. У Жиззах давлат педагогика университетида таҳсил оляпти. Иш ўқишга ҳалал бермасмикан?

— Ишим ўқишимга ҳалал бермайди, кластер раҳбарияти ўқишга бориб келишим учун шароит яратиб берган. Ҳозир учинчи курсни тамомлаб, тўртинчи курсга ўтдим. Баъзида ўқишларим кўпайиб кетса, ишимни кечки сменага ўтказиб, зиммамдаги ишимни бажариб қўяман. Умумун олганда, ишим ва ўқишим бир-бирини тўлдириб туради. Инглиз тили ва адабиёти факультетида ўқиганим учун инглиз забон одамлар билан мулоқотда бўлиб туришим зарур. Кластерда эса бундай мутахассислар жуда кўп.

Шунинг учун Дилчеҳра Эргашева университет дипломи олгандан сўнг ҳам операторлик касбини ташлаш нияти йўқ. Иккаласига биргалик олиб кетмоқчи.

— Президентимиз юксак мукофотни топширгунча, “О, мени қизим”, деб мурожаат қилиб, “Мукофот муборак бўлсин!” дея табриклаб, кўксимга «Келажак бунёдкори» медалини тақиб қўйдилар, — дейди Дилчеҳра Эргашева. — Ўша пайтда қандай хурсандлигимни билсангиз эди... Буни сўз билан ифодалаб беролмайман. Айтмоқчи бўлганим, энди давлатимизнинг биз, ёшларга бўлган улкан ғамхўрлигини, Президентимизнинг катта ишончини, каматарона хизматимга берилган бу юксак баҳони, албатта, оқлашим керак.

Саид РАҲМОНОВ, журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер