Кластер раҳбари: Дунёга машҳур брендлар билан ҳамкорликда кийимлар ишлаб чиқарамиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи давомида бизнинг «BCT Cluster» пахта-тўқимачилик кластеримизнинг “Bukhara Cotton Textile” тўқимачилик корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
Давлатимиз раҳбари толани чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган ушбу корхонадаги иш жараёни, маҳсулотлар сифатини кўздан кечириб, жамоамиз меҳнатини юксак баҳолади. Маҳсулотлар турини кўпайтириш, дунёга машҳур брендлар билан ҳамкорликда кийим-кечаклар ишлаб чиқариш бўйича йўл-йўриқ кўрсатиб, ўзларининг қимматли маслаҳатларини бердилар. Бу эса кластерда меҳнат қилаётган 6 минг кишилик жамоанинг ишчанлик кайфиятини кўтарди, ўз ишига бўлган меҳрни янада оширди. Ўзингиз ўйланг, сиз тўқиган мато, яратган дизайн, тиккан либос — Президентга манзур бўлса, бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!
Аслида, бугун қўлга киритилаётган ютуқлар замирида давлатимиз раҳбарининг кластер ғояси мужассам. Чунки ушбу янги тузилма олдига нафақат пахта етиштириш, балки хом ашёни чуқур қайта ишлаш, экспортга қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот чиқариш вазифаси қўйилди. Бу эса бизни хориждан энг замонавий технологик ускуналар олиб келиб, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштиришга ундади. Натижада жуда қисқа вақт ичида дунёда саноқли давлатларда бўлган улкан тўқимачилик мажмуаси ишга туширилди. Шубҳасиз, бунда давлатимиз кўмаги беқиёс бўлди.
Бугунги кунда кластер томонидан етиштирилган пахта шу ернинг ўзида тўлиқ қайта ишланяпти. Унинг афзаллиги эса иқтисодий самарадорлиги юқори эканлиги билан изоҳланади. Келинг, шу ўринда битта мисол келтирамиз. Айни пайтда жаҳон пахта бозорида 1 килограмм толанинг қиймати 1,5 доллар бўлса, ундан калава ип йигирилса — 2 долларга, жинси мато тўқилса — 5,6 долларга, тайёр кийим, хусусан, жинси шим тикилса — 25-35 долларга айланади. Орадаги фарқни кўряпсизми? Юртимизда кластер усули кенгайтирилаётганидан кўзланган асосий мақсад ҳам экспорт салоҳиятини кўтариш, валюта тушумини кўпайтириш, энг асосийси, қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларининг даромадини оширишдир.
Ўзбекистонда биринчи миллий жинси бренди — «B Jeans» яратилгани кластернинг навбатдаги ютуғи бўлди. Ушбу ёрлиқ остида чиқарилаётган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда тобора харидоргир бўлиб боряпти. Шу боис мамлакатимиз бўйича 50 та, хорижий давлатларда эса 100 та савдо тармоқларини ишга тушириш чора-тадбирлари олиб бориляпти. Ҳозирги ҳисоб-китобларимизга кўра, фақатгина чет эллардаги савдо тармоқлари орқали йилига ўртача 75-80 миллион евро миқдорида валюта тушуми таъминланиши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг топшириқларидан келиб чиқиб, галдаги режаларни ишлаб чиқяпмиз. Бу йилги устувор режаларни эса белгилаб олдик. Масалан, Бухоро вилояти халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш бўйича вазифалар қўйилди.
Обиҳаётни иқтисод қилиш, унинг беҳуда йўқотилиши олдини олишнинг энг самарали усули — томчилатиб суғориш. Чунки ўтган йили ушбу технологияни салкам 1000 гектар ғўза майдонида қўллаб, катта миқдорда сув тежалди. Шу боис бу йил яна 1000 гектарда тежамкор суғориш усули қўлланилади. Яқин 2-3 йил ичида эса пахта етиштириладиган 8 минг гектар майдон тўлиқ томчилатиб суғориш усулига ўтказилади.
Шу билан бирга, тўқимачилик мажмуамизда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, экспорт географиясини кенгайтирамиз. Агар ҳозирги кунда 35 турдаги ва юзлаб моделдаги жинси либослари ишлаб чиқарилаётган бўлса, бозор талаби, харидорлар истагидан келиб чиққан ҳолда, уларнинг тури камида икки баробарга оширилади. Бундан ташқари, халқаро брендлар билан ҳамкорликда кийим-кечаклар ишлаб чиқариш мақсадида чет эл компаниялари билан музокаралар олиб боряпмиз. Бу эса ҳозирданоқ ўзининг самарасини бера бошлади.
Гап шундаки, “Collins” компанияси билан шартнома имзоланди. Унга кўра, ҳамкорликда жаҳон бозорида талаб юқори бўлган жинси кийим-кечаклар ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, “DeFacto”, “Carrera Jeans”, “LCWaikiki”, “Inditex Group”, “Zara” сингари халқаро брендлар ўртасида олиб борилаётган музокараларимиз якуний босқичга келди. Умид қиламизки, улар билан ҳам амалий келишувга эришиб, тез орада корхонамизнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янги поғонага олиб чиқамиз.
Бир сўз билан айтганда, кластер жамоаси бугунги натижалар билан чекланиб қолмайди. Ўз олдимизга фаолият кўламини муттасил кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш ва сифатини янада яхшилаш эвазига Ўзбекистон жинси буюмлари жаҳон бозоридан мустаҳкам жой эгаллашига эришишни бош мақсад қилиб қўйганмиз. Бунда давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаётгани, юксак ишончи бизга бамисоли қўл-қанот бўлмоқда.
Муртазо РАҲМАТОВ, Бухородаги «BCT Cluster» пахта-тўқимачилик кластери раҳбари, иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг