Ким Чен Иннинг синглиси Трамп маъмуриятига жиддий айблов қўйди
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон АҚШни КХДРга қарши таҳдидларни кучайтиришда айблади. Унинг сўзларига кўра, Трамп маъмурияти Шимолий Кореяга нисбатан душманона сиёсатни давом эттираётгани Пхеньянни ядро имкониятларини оширишга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда КХДР давлат ахборот агентлиги KCNA хабар берди.
Ким Ё Чжонга кўра, АҚШ ҳарбий кемаларининг Жанубий Кореяга ташрифи ва қўшма ҳарбий машғулотлар КХДРга босим ўтказиш уриниши ҳисобланади. У хусусан, АҚШнинг «USS Carl Vinson» авианосецининг Пусан портига кирганини ва Жанубий Корея билан қўшма машғулотларда иштирок этганини кескин танқид қилди. Ушбу ҳаракатлар Пхеньян учун ядро қуролларини ривожлантириш зарурлигини янада ошираётгани таъкидланди.
Жанубий Корея мудофаа вазирлиги эса Ким Ё Чжоннинг баёнотини Пхеньяннинг ядро дастурини оқлашга қаратилган манипуляция деб баҳолади. Расмий Сеулга кўра, Шимолий Корея ядро қуролларидан воз кечишдан бошқа йўлга эга эмас. АҚШ ва Жанубий Корея ҳукуматлари Пхеньян ядро дастурини тўхтатмагунча босимни кучайтиришга ва ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилганини маълум қилди.
Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати Шимолий Кореяга қарши сиёсатини давом эттиришини таъкидлади. Пентагоннинг баёнотига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчилари минтақада хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказишда давом этади. Вашингтон Шимолий Кореяни музокараларга жалб қилиш йўлларини излаётганини билдирган бўлса-да, Пхеньян ҳали расмий жавоб бермаган.
Шимолий Корея ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда кескинлашиб борган. Дональд Трамп биринчи президентлик даврида Ким Чен Ин билан тарихий учрашувлар ўтказган бўлса-да, музокаралар муваффақиятсиз якунланган. Ҳозирда Вашингтон ва Пхеньян ўртасидаги дипломатик мулоқот деярли тўхтаб қолган.
Мутахассислар фикрича, Ким Ё Чжоннинг баёноти КХДРнинг ядро дастури атрофидаги кескинликни янада ошириши мумкин. АҚШ ва унинг иттифоқчилари Пхеньяннинг ядро қуролларини ривожлантиришини хавф деб баҳоласа, Шимолий Корея бундай сиёсатни ўз хавфсизлигини таъминлаш деб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг