Киберхавфсизлик тарғиботи

14:11 05 Ноябрь 2025 Жамият
120 0

Андижон шаҳрида “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги”га бағишланган тадбир ўтказилди. Унда киберхавфсизликни таъминлаш, аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда интернет фирибгарликларидан огоҳ этиш масалалари муҳокама қилинди.

— 2025 йилнинг 9 ойи давомида вилоятда жами 6709 та жиноят қайд қилинган, шундан 2684 таси ахборот технологиялари соҳасида содир этилган, — дейди вилоят прокурори Муродилло Абдуҳакимов. — Бу жиноятларнинг 923 таси фирибгарлик ва 1665 таси ўғирлик бўлиб, улар вилоятдаги умумий фирибгарлик ва ўғирликнинг катта қисмига тўғри келади. Ёшлар орасида киберхавфсизлик маданиятини юксалтириш, интернетда онгли фаоллик ва шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш орқали бу соҳадаги жиноятчиликнинг олдини олиш мумкин.

Тадбир давомида ёшларга ижтимоий тармоқларда онгли фаоллик кўрсатиш, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, фейк ахборот ва киберҳужумлардан ҳимояланиш бўйича тавсиялар берилди.

“Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида вилоят бўйлаб ташкил этилган турли учрашувлар, семинарлар ва амалий машғулотлар орқали ёшларнинг ахборот соҳасидаги билим ва кўникмалари мустаҳкамланмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ

«Халқ сўзи».                                                  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?