Ховос туманида ҳам ҳоким алмашди

17:25 09 Декабрь 2025 Жамият
490 0

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Бугун, 9 декабрь куни Сирдарё вилоятининг Ховос туманида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган сессия ишида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.

Турдимов ўз нутқида туманда бир қатор муҳим йўналишларда жиддий қолоқлик ва сусткашлик ҳолатлари мавжудлигини кескин танқид қилди.

Камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини ошириш, инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалда йўлга қўйиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш каби устувор масалаларда туман биринчи раҳбарининг ташаббуси, масъулияти ва талабчанлиги етарли даражада эмаслигини билдирди.

Шунингдек, депутатлар ҳам туманни янада ривожлантириш борасида ишга солинмаган имкониятлар ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Шундан сўнг ташкилий масала кўрилди.

Шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Йўлдошев Улуғбек Хасанович эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Депутатлар томонидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Юлдашев Қомус Мирович номзоди Ховос тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Маълумот учун, Қомус Юлдашев 1983 йилда Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида туғилган. 2004 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?