Хорижлик эксперт: Ўзбекистон сув хўжалиги давлатнинг доимий эътиборида
Фото: "Халқ сўзи"
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг давлат-хусусий шериклик ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Жон Александр Райт иштирокида «Ўзбекистоннинг сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар хорижлик эксперт нигоҳида» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Жон Райт 2021 йил апрель ойидан буён ушбу лавозимда фаолият юритиб келмоқда. У давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг хизматини жорий этиш, шунингдек, сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни бошқариш йўналишларида иш олиб бормоқда.
— Ўзбекистон иқтисодиётида аграр соҳа етакчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Мамлакатнинг миллионлаб аҳолиси қишлоқ жойларда истиқомат қилади ва уларнинг даромади асосан қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳисобидан шаклланади. Шу боис, халқаро эксперт сифатида мен 2018 йилда Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликларининг ташкил этилиши Ўзбекистон учун тўғри қарор бўлган, деб ҳисоблайман, — дейди Жон Райт.
Унинг таъкидлашича, ўтган даврда Президент ва ҳукуматнинг Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятига доир 13 та Фармон ва қарорлари қабул қилинган. Бу эса ўз ўрнида, соҳа ривожи давлатнинг доимий эътиборида эканлигидан далолат.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ва Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси халқаро молия институтлари билан жуда пухта ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Устувор йўналишлар белгиланиб, тизимли ва самарали иш олиб борилаяпти.
Илгари Ўзбекистонда сув хўжалигининг қуйи ташкилотлари мутахассислари томонидан сувни ўлчаш ишлари қўлда олиб борилиб, кунлик ҳисоб-китоб натижалари дафтарга қайд этилган ва маълумотлар телефон орқали марказга етказилган.
Стратегияда 2023 йилгача сув ресурсларини прогнозлаштириш, уларнинг ҳисобини юритиш ва маълумотлар базасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш ҳамда шаффофлигини таъминлаш бўйича қатор вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қўйилаётган бу кенг қамровли вазифалар сув ва электр энергиясидан фойдаланиш бўйича маълумотларнинг ишончлилигини ошириш ва уларни тезкор қарор қабул қилувчилар учун очиқлаш ҳамда сув етказиб беришнинг сифати ва етказиб бериш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Давлат-хусусий шериклик Ўзбекистон сув хўжалиги учун мутлақо янги йўналиш. Хусусий шериклар сув хўжалигидаги муайян инфратузилмани модернизация қилишга инвестиция киритади ва уни бошқаради. Бу халқаро тажрибада йўллар ёки шифохоналар каби инфратузилмани ривожлантириш ва ишлатишда хусусий капитал ва тажрибани жалб қилиш учун кенг қўлланиладиган механизмдир. Хусусий капиталдан суғориш ва сув инфратузилмасида фойдаланиш хорижда ҳам нисбатан камроқ тарқалган. Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати сув хўжалигида ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича улкан мақсадларни ўз олдига қўйган. Асосий эътибор насос станцияларини модернизация қилишга қаратилган бўлиб, бу энергияни иқтисод қилиш ва агрегатлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради.
2021 йил якунига келиб Ўзбекистонда сув хўжалиги объектларига 5 567 та замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, 3 099 та «Ақлли сув», 426 та насос станциясига сув миқдорини ва 2 022 та мелиоратив кузатув қудуғига сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш қурилмаси ўрнатилди. 20 та сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди.
1688 та насос станциясига 2173 та автоматлаштирилган электр ўлчов асбоблари ўрнатилди ва республика бўйича ягона электрон ахборот тизимига интеграция қилинди ҳамда электр энергия сарфини «онлайн» назорат қилиш имконияти яратилди.
2021 йилда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш бўйича қиймати 1 216 млрд. сўм бўлган 100 та лойиҳа юзасидан битимлар имзоланди. Ушбу лойиҳалар доирасида хусусий шериклар томонидан дастлабки 3 йилда 112,3 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритилиши ва 152,9 млрд.сўм бюджет маблағи иқтисод қилиниши кўзда тутилган.
5 та хорижий инвестиция лойиҳаси доирасида 136,2 млн. доллар ўзлаштирилди. Бунинг натижасида йил якунига келиб жами 554,5 км канал ва улардаги 353 та гидротехник иншоот реконструкция қилинди, 92 та вертикал суғориш қудуғи бурғиланди. Лойиҳалар ҳудудида 800 млн. сўм эксплуатация маблағлари иқтисод қилинишига, ирригация тизими каналларининг фойдали иш коэффициентини 15 фоизга оширишга эришилди.
Яқинда Ўзбекистон Президенти «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонни имзоланди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 7 та йўналиш белгиланган. Унинг учинчи йўналишида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш мақсадлардан бири сифатида кўрсатилган.
2022 йилда янги ва фойдаланишдан чиққан 129 минг гектар ерларни ўзлаштириш, сув тежовчи технологияларни 260 минг гектарда жорий этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд куб метр сувни иқтисод қилиш каби вазифаларнинг қўйилиши Ўзбекистон ҳукуматининг келажакда кутилаётган хатарларга олдиндан тайёргарлик кўра олишини, жумладан, муқаррар сув танқислигини юмшатиш бўйича амалий чоралар қабул қилаётганлигининг исботидир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” мусобақаси бошланди
- 1 март — Зулфия таваллуд топган кун. «Бугун тунда келармиш баҳор»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг