Хорижий сайёҳлар нимадан ҳайратда?

00:42 21 Февраль 2026 Welcome to uzbekistan
357 0

Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳридан юртимизга сайёҳ сифатида келган Галина Тереховани кўҳна Бухородаги осори атиқалар ўзига ипсиз боғлаб қўйди. Осмонўпар минора-ю мовий гумбазли масжиду мадрасалар, карвонсаройлар, савдо тоқлари, музейлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари меҳмоннинг ўлкамиз ҳақидаги тасаввурини буткул ўзгартирди.

– Бухорога йўл олаётиб, шаҳарнинг бу қадар мафтункор эканини хаёлимизга келтирмагандик, – дейди у. – Қадимий кўча ва гузарлар бўйлаб сайр қиларканмиз, ҳар қадамда хушмуомала, истараси иссиқ одамларга дуч келдик. Шаҳрингизда шарқона турмуш тарзи шундоқ бўй кўрсатиб турибди.

– Миллий таомларни айтмайсизми? – дея суҳбатга қўшилади Галинанинг ҳамроҳи Надежда Попова. – Новосибирскка қайтганимизда танишларимизга ўзбекларнинг софи оши-ю сих кабобини емабсиз, бу дунёга келмабсиз, дейишимиз тайин.

Одатда, олис юртларга сафар сайёҳлик фирмалари кўмагида амалга оширилади. Аммо бизнинг суҳбатдошларимиз таваккал қилишган. Самолётга чипта олишгану сафар тараддудини кўришган. Уларнинг айтишларича, Новосибирскда туриб Бухородаги у ёки бу меҳмонхонадан жой банд қилиш масаласида қийналишган.

– Бошқаларни билмадигу бизни шу масала анча ташвишлантирди, – дейди Г.Терехова. – Аммо бу ерга келгач, тунагани жой топишга муваффақ бўлдик. Меҳмонхона хизмати жойида. Ходимлари илтифотли. Агар бизга ўхшаб тасодифан якка тартибда келадиган сайёҳлар учун гид – ҳамроҳ хизмати ҳам оқилона йўлга қўйилса яхши бўларди.

Сайёҳларнинг таклифи ўринли, албатта. Қадимий шаҳарни ўз кўзи билан кўриш истагидаги хорижий сайёҳлар сони кўпайиб бораётган паллада меҳмонларга қулайликлар яратиб бериш устувор вазифага айланмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятини янги поғонага кўтариш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Дейлик, биргина 2025 йилда 21 та меҳмонхона, 22 та хостел, 44 та оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилди. Вилоятнинг сайёҳлик харитасидан “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” мақомида фаолият юритаётган манзиллар ўрин олди. 37 та янги туроператор – турагент ўз фаолиятини бошлагани, улар сони 223 тага етгани ҳам диққатга молик, албатта.

– Кенгашимиз томонидан туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Жаҳонгир Шарипов. – Соҳа масъулларининг ҳисоботи эшитилиб, вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш юзасидан фойдали таклиф ва тавсиялар бериляпти. Хусусан, ўтган йилнинг 5 сентябридан 20 ноябрига қадар давом этган Бухоро I Халқаро замонавий санъат биенналлиси эсда қоларли тадбирлардан бирига айланди. Ушбу анжуманда депутатлар ҳам фаол иштирок этди. Ноанъанавий тарзда кечган тадбир сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилди.

Дарҳақиқат, давлатимиз томонидан соҳа ривожи учун яратилган қулайликлар, хусусан, кўплаб давлат фуқаролари учун визасиз кириш, шунингдек, туристик виза беришнинг енгиллаштирилган тартиби жорий этилгани, инфратузилманинг ривожланаётгани, миллий қадриятларимизнинг кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаётгани хорижий фуқароларда бой тарихимиз, маданиятимиз билан яқиндан танишиш истагини кучайтирмоқда. Бундан тўққиз йил муқаддам вилоятга атиги 160 минг нафар хорижий сайёҳ келган бўлса, ўтган йилнинг ўзида бу кўрсатгич 2,5 миллион нафардан ошди. Ўтган йили туризм хизматларидан қарийб 700 миллион АҚШ доллари миқдорида тушум тушди. Соҳада 100 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?