Хориж билан ҳамкорлик муаллимга нима бермоқда?
Бухоро шаҳридаги 42 – ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ўқувчиларга сабоқ бераётган Жанубий кореялик Ким Ки Дикни ўғил-қизларнинг билимга ташналиги, корейс тили, маданияти, анъаналарига қизиқиши катталиги ҳайрон қолдирди.
– Асан шаҳридаги Ониян қизлар ўрта мактабида ишлайман, – дейди у. – Мактабимиз ҳамда ушбу билим даргоҳи ўртасидаги тузилган меморандумга кўра Бухорога келдим. Ёшларда тил ўрганишга бўлган қизиқиш, интилиш жуда кучли.
Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Сабоҳат Қўлдошева бизга Жанубий Кореянинг бир қатор таълим муассасалари билан тузилган меморандумлар ҳақида сўзлаб бераркан, корейс тили ўқитувчиси Шаҳло Каримова билан учрашишни маслаҳат берди.
– Шу пайтга қадар Жанубий Кореяга 3-4 марта бориб, у ердаги таълим тизими, дарс жараёни билан яқиндан танишдим, – дейди муаллима. – Педагог сифатида бу ўзим учун ҳам фойдали. Дарс беришнинг янги усулларини ўргандим. Масалан, электрон досканинг сўз бойлигини оширишга хизмат қиладиган қирраларидан хабардор бўлдим. Уни айни дамда амалиётда қўллаяпман. Умуман, бу хорижий давлатда билим олиш масаласига жиддий қаралади. Амалий машғулотлар жаҳон стандартлари даражасида. Тартиб-интизом кучли. Кўзбўямачиликни учратмайсиз. Ўқувчилар асосий машғулотлардан сўнг кечгача билимларини мустаҳкамлаш, ўз устида ишлаш билан банд. Буни мен ота-оналарнинг ҳам ўз зиммаларидаги масъулиятни чуқур англашлари натижаси деб биламан.
Эътиборлиси, хорижлик ўқитувчиларнинг билими, салоҳиятидан нафақат вилоят маркази, балки чекка ҳудудлардаги таълим масканларида ҳам фойдаланиш йўлга қўйилди.

– Билим даргоҳимизда айни пайтда покистонлик Сулейман Сабен фаолият кўрсатмоқда, – дейди Шофиркон туманидаги “Бобоато” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 13 – умумтаълим мактаби директори Феруз Раҳматов. – Бунинг самарасини кўриб, сезиб турибмиз. Аввало, ўқувчиларимизнинг инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқишини кескин ошди. Негаки, инглиз тили улар билан ўқитувчи ўртасидаги ягона алоқа воситасига айланди. Муаллимларимиз учун ҳам ўзаро тажриба алмашиш, ўрганиш имконияти юзага келди. Қолаверса, мактабимизда ҳафтанинг ҳар жумасида туман миқёсидаги ўқувлар ташкил этиляпти. 56 та мактабдан инглиз тили муаллими келиб, хорижий ўқитувчидан маҳорат сабоқлари олмоқда.
Кўринадики, бу ташаббус вилоят бўйича билим олиш имкониятларини тенглаштириш, маҳаллий педагогларнинг касбий малакасини ошириш, ўқувчиларнинг хорижий тажриба асосида чет тилини мукаммал ўзлаштириши сари йўл очаяпти. Жорий йилда Бухородаги мактабларга Жанубий Корея, Россия, Миср, Эрон, Эфиопия, Покистон сингари давлатлардан 26 нафар педагогни жалб этиш кўзда тутилган.
Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг