Хоразмда умумтаълим мактабларига шахмат тахталари топширилди
Одилбек Одамбоев/«Халқ сўзи». Яқинда Венгриянинг Будапешт шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 189 та жамоа орасида 3-ўринни эгаллади. Бу юртимизда спортнинг шахмат турига, иқтидорли ёш шахматчиларни тарбиялашга қаратилаётган эътибор натижасидир. «Ақл гимнастикаси» деб таъриф бериладиган ушбу спорт турини ривожлантириш борасида Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Вилоятда мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 14 январдаги «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ўсиб келаётган ёш авлодни спортнинг ушбу турига қизиқишларини ошириш ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, «мактабда шахмат» лойиҳасини амалга ошириш мақсадида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларига 5700 дона шахмат тахталари топширилди. Мактабларда махсус шахмат хоналари ташкил қилиниб, машғулотларга таниқли гроссмейстерлар жалб қилинмоқда.

– Мактабимизда шахмат тўгараги учун махсус хона ташкил қилиб ўқув қўлланмалари, шахмат тахтаси, соати ва бошқа зарур анжомлар билан жиҳозладик, – дейди Урганч шаҳридаги 29-сонли мактаб директори Азамат Мадаминов. –Бошланғич синфларга жисмоний тарбия дарсларида шахмат сирлари ҳам ўргатилмоқда. Таниқли гроссмейстерларни таклиф қилган ҳолда ўтказилаётган «Шахмат ҳафталиги» тадбирлари ўқувчиларимизда шахматга бўлган қизиқишни янада оширмоқда.
– Мактабларда шахмат спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар яқин келажакда албатта, ўз самарасини беради, – дейди таниқли гроссмейстер, шахмат бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Нодирбек Якуббоев. – Таълим масканларида ўтказилаётган шахмат турнирлари меҳмони сифатида қатнашиб, ёшларга рағбат бераётганимдан хурсандман.

Жорий йилда Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан ўтказилган мамлакат чемпионатларида Хоразм вилояти вакиллари 6 та олтин, 6 та кумуш ва 8 та бронза медалларни қўлга киритди. Хива шаҳрида ҳар йили ал-Беруний халқаро шахмат турнири ва «Туризм ва шахмат» ҳафталигини ўтказиш анъанага айланган. Шахмат сирларини ўрганиш борасида ёшлар учун яратилаётган имкониятлар келгусида халқаро турнирларда медаллар шодаси янада кенгайишига хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг