Хоразмда Наврўз шукуҳи
Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Наврўз бободеҳқонларимизнинг далага чиқиб экин экишидан, момоларимизнинг дошқозонларда сумалак қайнатиб, лапару ўланлар айтишидан бошланади. Зеро, ерга қадалган ҳар бир уруғ эртанги ризқу насибамиздан, сумалак сайллари меҳру оқибатдан дарак беради.

Хоразм вилоятида ҳам ўзида гўзал миллий анъаналаримиз, урф-одат ва қадриятларимизни мужассам этган Наврўзи оламни кўтаринки кайфиятда кутиб олиш учун қизғин тараддуд кўрилди. Барча маҳаллаларда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатларини экиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Муборак Рамазон ойи муносабати билан эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, моддий ёрдам кўрсатилди. Наврўз кунлари вилоятда ўнлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, маданий-маиший объектлар фойдаланишга топширилди. Урганч шаҳри ва туманлар марказларида ташкил қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг анъанавий савдо ярмаркалари шаҳарликларнинг байрам дастурхони тўкинлигига хизмат қилди.

Ота-боболаримиз азалдан баҳорги тенг кунлик, яъни Наврўз айёмида ерга уруғ қадашган. Қўшкўпир туманида вилоят фермерлари иштирокида ўтказилган кўргазмали семинарда нуронийларнинг оқ фотиҳаси билан чигит экишга киришилди.

Байрам тантаналарининг асосий қисми Урганч шаҳридаги «Ёшлик» мажмуасида бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан меҳнат фахрийлари, ёшлар, маданият ва санъат намояндалари, шунингдек, чет эллик меҳмонлар иштирок этди. Вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов жамоатчилик вакиллари билан биргаликда байрам муносабати билан ташкил қилинган халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмалари билан танишди. Шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган фольклор-этнографик жамоаларнинг бадиий чиқишлари, дорбоз томошалари, миллий спорт ўйинлари, баҳорий таомлар барчага байрамона кайфият бағишлади.

— Ҳар йил кўклам келишини, Наврўзни интиқлик билан кутаман, — дейди бир асрлик тарихнинг жонли гувоҳи бўлган табаррук ёшдаги янгибозорлик Сара она Тажибоева. — Умрим давомида сумалак тайёрлашга буғдой топа олмаган қаҳатчилик даврларини ҳам, Наврўз диний байрам деб уни нишонлаш тақиқланган кунларни ҳам кўрдим. Минг шукр, у кунлар ортда қолди. Бугун халқимиз ўлмас қадриятимиз – Наврўзни кенг давраларда, шоду хуррамлик билан байрам қилмоқда. Кеча маҳалламизда ҳам катта дошқозонларда сумалак тайёрлаб, кексаю ёш ўйин-кулги қилдик. Ёшларга бугунги тинч ва фаровон турмушимизнинг қадрига етиш ҳақида сўзладим. Илоҳим, тинчлигимиз барқарор, ҳар бир кунимиз Наврўз бўлсин!

Урганчда ўтказилган Наврўз тантаналари миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир ифодаси бўлди. Вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўзларининг миллий санъати, урф-одатлари ва қадриятларини намойиш этди. «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида ўтказилаётган яшариш ва янгиланиш байрами тантаналари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг