Хоразмда Конституцияга бағишланган байрам ўтказилди

22:13 06 Декабрь 2025 Жамият
544 0

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги Хоразмда ҳам кенг нишонланди. Вилоятнинг барча шаҳар ва қишлоқларида, маҳалларда, ўқув юртлари ва меҳнат жамоаларида «Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» шиори асосида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Байрам арафасида бир қатор ижтимоий соҳа объектлари, турар-жойлар ва ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди.

Урганч шаҳрида «Конституция кўчаси» ташкил этилиб, Бош Қомусимизнинг мазмун-моҳиятини ёритувчи кўргазмалар ўрнатилди, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган викториналар ва тематик тадбирлар ўтказилди.

Байрам тантаналарининг асосий қисми Урганч шаҳридаги вилоят мусиқали драма театри биносида бўлиб ўтди. Меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов қатнашчиларни Конституция байрами билан самимий муборакбод этди.

Тантаналар вилоят санъат усталари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер