Хонобод дунёга эшик очмоқда

17:06 14 Июль 2023 Жамият
837 0

Фото: “Халқ сўзи”

Шу йилнинг 18-20 июль кунлари Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада фестивали бўлиб ўтади.

Айни кунларда республикамизда илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирга тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда. Фестиваль олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинишича, унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 400 нафар иштирокчи миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни ўз санъати орқали ифода этадилар.

— Бундан ташқари, Чехия, Болгария, Латвия, Полша, Сербия, Грузия, Россия, Қозоғистон, Греция каби 20 дан ортиқ давлатлардан ҳам меҳмонлар келиши кутилмоқда, — дейди республика ташкилий ишчи гуруҳи раҳбари Фарҳод Жўраев. — Улар фестивалда нафақат ўз тилларида, балки ўзбек тилида ҳам қўшиқ ижро этадилар. Бу ўзбек санъатини дунё бўйлаб тарғиб қилишда муҳим восита ҳисобланади.

Фото: “Халқ сўзи”

Айтиш жоиз, ушбу фестивални ташкил этиш ғояси 2019 йилда шаклланган бўлиб, ўтган давр мобайнида уни муносиб ташкиллаштириш ва жаҳон талабларига мос равишда ўтказиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилди. Ҳозирга келиб фестиваль иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш, ётоқхона, овқатланиш, транспорт, тиббиёт хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ барча имкониятлар яратилди.

Фестиваль доирасида “Туризм харитаси”га биноан вилоятдаги 40 та тарихий ва зиёрат объектлари орқали ҳудуднинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилиши кўзда тутилган.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?