Хонадон, кўча обод бўлса маҳалла ҳам обод бўлади

12:54 20 Март 2025 Жамият
293 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳрида «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танлов «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла» мезонларини жорий этишда тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ташкил қилинди.

Унинг қуйи босқичларида Самарқанд вилоятидан 654 нафар маҳалла раиси, 1300 нафардан ортиқ кўчабошилари, 2800 нафарга яқин хонадон эгалари иштирок этди. Уларда ҳар бир йўналиш бўйича биринчи ўринни қўлга киритган 16 нафар иштирокчи танловнинг вилоят босқичида беллашди. Икки шарт бўйича чиқишларни 9 нафар аъзодан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Якуний натижага кўра, «Обод хонадон» йўналишида биринчи ўринни Нарпай тумани Ўзбекистон маҳалласи Дуоба қишлоғидаги хонадон эгаси Ҳаким Расулов, «Обод кўча» бўйича Ургут тумани Ипакли маҳалласидаги Абдулла Қаҳҳор номли кўча кўчабошиси Асрор Турсунов, «Обод маҳалла» бўйича Қўшработ тумани Шовона маҳалласи раиси Азиз Абдувоҳидов эгаллади.

— Бизнинг хонадон нафақат обод, балки оиламизнинг қўшимча даромад манбаи ҳамдир, — дейди Ҳаким Расулов. — 20 сотих ердан ҳар йили уч марта ҳосил оламиз. Етиштираётган олти хил турдаги карам, турли сабзавотларнинг бозори чаққон, бир йилда 100-150 миллион сўм даромад келтиради. Тажрибамизни ўрганиш учун бошқа туманлардан ҳам одамлар келяпти.

Кўрик-танлов йўналишлари бўйича барча ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг совғалари топширилди. Биринчи ўринни қўлга киритганлар танловнинг республика босқичида беллашиш имкониятига эга бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер