Хивада ўтказилган бахшилар баҳси якунланди. Ғолиб ва совриндорлар маълум

Фото: Жалолиддин Ражабов / «Халқ сўзи»
Бугун, 28 апрель куни Хива шаҳрида ўтказилаётган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. 26 апрель санасида старт олган мазкур фестивалда маҳаллий ҳамда халқаро иштирокчилар қатнашди. Бахшилар баҳслари Ичан қалъа мажмуасида жойлашган бадиий саҳнада ўтказилди.

Мазкур фестивалда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан ҳамда Ўзбекистондан ташриф буюрган 200 га яқин бахшилар иштирок этишди. Уч кун давом этган мазкур тадбир дунёнинг турли давлатларидан танлаб олинган ҳакамлар ҳайъати томонидан диққат билан кузатилиб, ҳар бир бахшининг айтимлари баҳолаб борилди.

Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали ёпилиш маросимидан олдин баҳсларда иштирок этган бахшиларнинг эгаллаган ўринлари ўқиб эшиттирилди.
IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали якунида иштирокчилар қуйидаги натижаларни қайд этди:
- 3 ўрин: Икҳагҳвасурен Лкҳамрагча (Мўғулистон), Степанова Аксия (Россия), Аҳмедов Зиёдилло (Ўзбекистон);
- 2-ўрин: Абдуллаев Усмонжон (Ўзбекистон), Турикпен Кенсулу (Қозоғистон);
- 1-ўрин: Жумотова Муяссар (Ўзбекистон), Туркманистон миллий бахшилар гуруҳи;
- «Гран-При» мукофотини Озарбайжоннинг «Ошиқлар» гуруҳи қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, «Гран-При» мукофоти — 7 000 АҚШ долларини ташкил этади. 1-2-3-ўринларни қўлга киритганлар учун мос равишда ҳар бир йўналишда 2 таноминация (Достон ижрочилиги йўналиши, Чолғу ижрочилиги йўналиши) бўйича 5 000, 3500 ҳамда 2500 АҚШ долларидан мукофотланиши белгиланган эди.

Бундан ташқари, Хиванинг Ичан қалъа мажмуасида IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали тақдирлаш маросими давомида маданият вазири Озодбек Назарбеков Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимовга Маданият вазирлигининг «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишонини тақдим этди.
Маълумот учун, Халқаро бахшичилик фестивали Ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда янада кенгайтириш мақсадида, 2019 йилдан буён ўтказилиб келинади.
Отабек САИДАҲМАДОВ
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг