Хитойнинг CNNC компанияси билан ҳамкорликда уран ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда

Фото: "Халқ сўзи"
Темур Эшбоев/«Халқ сўзи». Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб, сўнгги йилларда ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилувчи тоғ-кон саноати ва геология-қидирув соҳасида ҳам янги-янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, «Навоийуран» давлат корхонаси ва Хитойнинг Миллий ядро корпорацияси билан йўлга қўйган ўзаро ҳамкорлик алоқалари мамлакатимизда уран саноати ривожида яна бир муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Хитойнинг Миллий ядро корпорацияси («Сhina National Nuclear Corporation» — CNNC) атом энергетика (қурилиш, тадқиқот, муҳандислик) йўналишида фаолият олиб борадиган давлат компанияси вице-президенти Шен Янфен бошчилигидаги делегацияси вакиллари «Навоийуран» давлат корхонасида бўлиб, мазкур йўналишдаги бир қатор масалаларни муҳокама қилишди.
Дастлаб «Навоийуран» ДК биринчи ўринбосари А. Сапаров хитойлик мутахассисларни «Зафаробод» кон бошқармасига қарашли 2-геотехнологик кони ишлаб чиқариш фаолияти билан таништирди.
— Хитой Миллий ядро корпорацияси Хитойдаги глобал ядровий лойиҳалар бўйича етакчи бўлиб, мазкур корпорация ушбу мамлакатда амалда ишлаб турган ва янгидан қурилаётган маҳаллий атом электр станцияларининг асосий инвестори ҳисобланади, — дейди Навоийуран» ДК биринчи ўринбосари — Бош муҳандис А. Сапаров. — Ҳозирда ушбу корпорация 22 та амалда ишлаётган ва 6 та янгидан қурилаётган энергоблокларга эга бўлиб, Хитойдаги ягона уран ишлаб чиқарувчи йирик корпорациядир. Келгусида Хитой корпорацияси ва «Навоийуран» ўртасида гидротермал ва қора сланецли конларни биргаликда ўзлаштириш ва ҳамкорликда уран ишлаб чиқариш ишлари йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
Хитойлик ҳамкорлар шунингдек, Навоий шаҳрида жойлашган Уран ишлаб чиқариш заводи фаолияти билан яқиндан танишишди. Шундан сўнг, ташриф дастурига мувофиқ Тошкент шаҳрида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги раҳбарияти ва Хитойнинг Миллий ядро корпорацияси делегациясининг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда жорий йилнинг 23 январь куни имзоланган «Уран ресурслари бўйича стратегик ҳамкорлик» тўғрисидаги битимда белгиланган масалалар, хусусан геология-қидирув ишларига инвестиция киритиш, истиқболли майдонларда ўзаро ҳамкорликда дала геология-қидирув ишларини ташкил қилиш, шунингдек, техник қудуқларни бурғилаш масалалари муҳокама этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг