Хитойда 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари жам бўлмоқда

10:01 22 Август 2025 Сиёсат
201 0

Архив фото

Хитойнинг Тяньцзин шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида 20 дан ортиқ хорижий давлатлар раҳбарлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазири ёрдамчиси Лю Бинь маълум қилди. Саммит шу йилнинг 31 август — 1 сентябрь кунлари ўтказилади.

“Хитой раҳбари Си Цзиньпин 20 дан ортиқ хорижий давлат раҳбарлари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари билан Хайхэ дарёси бўйида йиғилади”, — дейди Бинь.

Униннг айтишича, саммитга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиён, Туркия етакчиси Режеп Таййип Эрдоған, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Мўғулистон раҳбари Ухнаагийн Хурэлсух, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Камбоджа ҳукумати раҳбари Хун Манет, Мальдив ороллари президенти Муҳаммад Муиззу, Непаль Бош вазири Шарма Оли, Миср Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Мустафо Мадбули, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Индонезия раҳбари Прабово Субианто, Лаос президенти Тҳонглоун Сисоулитҳ, Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим, Вьетнам ҳукумати раҳбари Фам Мин Тинь таклиф ээтилган.

Лю Биннинг сўзларига кўра, давлат раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақиятли тажрибасини муҳокама қиладилар, ташкилотнинг ривожланиш йўналишларини белгилаб берадилар.

ШҲТ 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилот бўлиб, унга Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон киради. 2024 йилнинг 4 июлида Остона саммитида Беларусь расман ташкилотга аъзо бўлди. Кузатувчи давлатлар Афғонистон ва Мўғулистон, ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкор давлатлари – Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Қувайт, Мальдив ороллари, Мьянма, Непал, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри Ланка.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?