Халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос
Архив сурат
Шу кунларда янги таҳрирдаги Конституция юзасидан ўтказиладиган умумхалқ референдумига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Янгиланаётган Конституциямизда халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат сифатида қатор янги нормалар мустаҳкамлаб қўйилмоқдаки, уларнинг замирида мустақиллигимизни асраб-авайлаш, қонун ҳамда адолат устуворлиги, инсонга эътибор ва ғамхўрлик каби муҳим қадриятлар мужассам этган.
Чунончи, ана шундай нормалардан бири — 15-модданинг учинчи ва тўртинчи қисмига киритилаётган қўшимчалардир. Уларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми сифатида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Шу билан бирга, агар халқаро шартномада қонунларда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши белгиланмоқда.
Мазкур қўшимчалар амалдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддаси талаблари ва айниқса, хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда киритилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари миллий ҳуқуқ тизими таркибий қисми сифатида белгиланиши ушбу хужжатлар нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, судлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа давлат органлари, фуқаролар халқаро шартномалар нормаларига тўғридан-тўғри таянган ҳолда ўз фаолиятини ташкил этадилар.
Юқоридаги норма халқаро конституциявий тажрибага ҳам тўлиқ ҳамоҳанг бўлиб, қатор давлатларнинг Конституцияларида мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Франция, Германия, Испания, Словения ва бошқа давлатлар конституциявий амалиётида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари миллий ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги белгиланган.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилишига оид қоиданинг белгиланиши эса бевосита халқаро ҳуқуқнинг “Pacta sunt servanta”, яъни “шартномалар бажарилиши лозим” тамойилидан келиб чиқади.
Мазкур тамойил БМТ Устави ҳамда Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенциясида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, унга мувофиқ давлатлар халқаро шартномаларга кўра ўз зиммасига олган мажбуриятларни виждонан бажаришлари шарт.
Яна бир муҳим жиҳат, халқаро шартномалар халқаро ҳуқуқнинг турли субъектлари, хусусан, давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ёки бошқа соҳаларга оид ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берадиган келишув бўлиб, улар икки томонлама ва кўп томонлама шартномаларга бўлинади. Кўп томонлама шартномаларнинг ҳам, ўз навбатида, очиқ ва ёпиқ турлари мавжуд бўлиб, очиқ халқаро шартномага бошқа давлатлар ҳам бемалол қўшилиши мумкин; ёпиқ халқаро шартномага эса бошқа давлатлар ушбу халқаро шартнома иштирокчиларининг розилиги билангина қўшилиши мумкин.
Халқаро шартномаларнинг номлари ҳам турли-туман бўлиб, уларга шартнома, битим, конвенция, пакт, декларация, меморандум, статут, баённома, низом ва бошқаларни киритиш мумкин. Халқаро шартномалар муддати тугаганидан сўнг, тарафларнинг ўзаро келишуви асосида унинг муддати узайтирилиши ёки денонсация йўли билан амал қилишдан тўхтатилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг миллий ҳуқуқ тизимнинг таркибий қисми сифатида конституцивий даражада белгиланиши, бир томондан, давлатимизнинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга содиқлигини билдириб, халқаро миқёсда ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлишига хизмат қилса, иккинчи томондан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат миллий қонунчилик, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳимояланишини таъминлайди.
Барқарор ривожланиш маркази
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг