Халқ вакилларининг эътирозига нима сабаб бўлмоқда?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасида 2023 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ставкаси пасайтирилиши, айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ ставкаларини унификация қилиниши, мутлақ суммаларда белгиланган солиқ ставкаларининг кутилаётган инфляция даражасидан келиб чиқиб индексация қилиниши назарда тутилмоқда.
2023 йил учун белгиланган солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдириляпти.
Шунингдек, тамаки, алкоголь ва нефть маҳсулотлари бўйича акциз солиғи, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқ, ер ва мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари инфляция даражасидан келиб чиқиб қарийиб 10 фоизга индексация қилинмоқда.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасида Президентимиз томонидан тадбиркорлар билан бўлиб ўтган “Очиқ мулоқот” доирасида берилган топшириқларига асосан бизнес учун қўшимча енгилликлар берилмоқда. Яъни, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача, жами даромади илк марта 1 млрд. сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари учун 1 йил, жами даромади илк марта 10 млрд. сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари учун эса 2 йил давомида фойда солиғи ставкаси 2 бараварга пасайтирилмоқда.
Лойиҳага кўра, адвокатлик тузилмаларини қўшимча қиймат солиғи тўловчиларига айлантиришга эришиш назарда тутилмоқда. Бу норма депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитининг янада яхшиланишига, бизнес-юритиш шарт-шароитларни яхшилашга ҳамда аҳолининг фаровон яшашига хизмат қилади.
Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг