“Халқ сўзи”да янги рукн “Бадият олами”

13:49 11 Декабрь 2022 Маданият
1039 0

Мамлакатимизда “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар силсиласида адабиётни ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш иқтидорларни кашф этиш ва тарбиялашга қаратилган ишлар бутунлай янги босқичга кўтарилди.

Зотан, инжа санъат халқнинг маънавий-руҳий озуқасидир. Бадиий сўз қудрати инсон қалбини нафақат поклайди, балки тафаккур оламини ёритади, орзу-умидлари рўёби сари қанот бўлади, уни янги-янги марралар сари рағбатлантиради.

www.xs.uz сайтимизда “Бадият олами” рукнининг ташкил этилишидан кўзланган эзгу мақсад-муддао ҳам шу. Ўқувчиларга ушбу рукн остида ёзувчи-шоирлар, адабиёт бўстонига энди қадам қўяётган ёш ижодкорлар асарларидан туҳфа этиб борамиз.

Муштарийларимизни халқимизнинг маънавий савиясини янада ошириш, дидини юксалтириш, уларни бадиий сўзнинг бепоён жилвасидан баҳраманд этиш, орзу-умидлари рўёби томон олға интилишга ундаш, руҳлантиришдек эзгу ишларга камарбаста бўлишга чорлаб қоламиз.

Кенес КАРИМОВ

ТУҒИЛГАН ТУПРОҒИМ СЎҚМОҒИ

Совуқ куз руҳимга санчилар чим-чим,

Булутлар – кечиккан карвон эмасми?

Уфқ жиягида саробдек оҳим

Кўнглимдаги қат-қат армон эмасми?

Мана, мезон ўтди. Ўрлади ақраб,

Шимолдан изғирин шамоллар эсди.

Негадир юрагим ўртанди қақраб,

Чимбой сўқмоқлари ёдимга тушди.

Бир овчи йўқотган пўлат пичоғин

Кутилмаган ердан топгани каби.

Юз йил сув чиқмаган чўлларда тағин

Оқин сувлар тошиб чопгани каби.

Умр ўтаётир бир ширин тушдек,

Кўнглимда орзулар ўсди барқ уриб.

Хаёлим мисоли безовта қушдек

Ниманидир излаб, учди чарх уриб.

Кўнгил алғов-далғов, хотира оғир,

Шу олис йўлларда йўқотдим нени?

Деди: “Қадамингга босаман бағир”, –

Чимбой сўқмоқлари чақирди мени.

* * *

Кўклам нафасидан уйғонди гуллар,

Дарахтлар кетма-кет уйғонаверди.

Уйғонди юз йил сув ичмаган чўллар,

Олам ўсма қўйиб, бўянаверди.

Уйғонди далалар, уйғонди боғлар,

Оқ қалпоғин ечиб, терлади тоғлар,

Ёмғирлар сувидан ювилди доғлар,

Ўрмонлар яшил тўн – тўёна берди.

Сувлар лойқаланиб, мавжланиб оқди,

Чўллар ҳазорисбанд мунчоғин тақди,

Ўрдак, ғоз шошилиб қанотин қоқди,

Кўллар ҳам чайқалиб тўлғанаверди.

Йигит-яланг ечиб қишки кийимни,

Қиз-жувон қирмизи-яшил кийинди,

Ранглардан дил қувнаб, кўзлар суюнди,

Қарилар ёшарди, ёш ёнаверди.

Тусланди далалар, турланди эллар,

Хушхабар етказди шошқалоқ еллар,

Яхшилар орзулаб эккан ниҳоллар

Япроқ ёзиб, гулга чўлғанаверди.

Боши кўкка етган новча оқ терак

Осмонга устундек, заминга тиргак.

Чайқалиб, тебраниб, гувлаб, гуркираб,

Нозли қиз мисоли солланаверди.

Навбаҳор, нимасан? Афсунгармисан?

Олти ой қаерда эдинг? Бормисан?

Ё соғинганимдан бехабармисан? —

Десам, қовоқ уйиб, дўлланаверди.

Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси

 

Абдусаид КЎЧИМОВ

СЕНСИЗЛИК

Тоғдек ғамга қилурман тоқат,

Майли, ўйна, майлига қийна.

Менсизликка ўрганма фақат,

Сенсизликка ўргатиб қўйма.

Карамингга интизор боғим,

Жудо қилма файёз хоблардан.

Фаттон узлат фатҳ этган чоғим,

Ўзинг қутқар сур азоблардан.

Сенсизлик... Бу заҳри ноб бода,

Тубсиз дара, адоқсиз хатар.

Мендан ғариб бўлмас дунёда,

Сенсизликка кўниксам агар.

ФОЖИАМ

Мен ўзимни билмайман,

Ишонаман ҳаммага.

Кўксим қалқон қиламан,

Дўстга келган ҳамлага.

Жазирама офтобда

Соя бўлгим келади.

Бўронларда ҳимоя,

Қоя бўлгим келади.

Улар эса... Эҳ, улар

Сезмайдилар дилимни.

Ўғри мушук сингари,

Пойлайдилар йўлимни.

Мен ўзимни билсайдим,

Йўлатмасдим яқинга.

Куйдирардим чўғ бўлиб,

Айланардим чақинга.

Бугун улар олдимни

Тўсиб ётган кундадир.

Мен ўзимни билмайман,

Фожиам ҳам шундадир.

Мадина НОРЧАЕВА

* * *

Куз — ёғмур шевасинда битилган мактуб.

Ҳижжалаб ўқиркан ҳар битта байтни.

Қишлоқдаги уйлар ҳомуза тортиб

Яна мўриларга юкинган пайти.

Турналар жанубга етиб олгандир...

Дарахтлар паришон қизлар сингари

Ечаркан сочидан боғичларини.

Учуриб юборар гулгун фаслга

Қовжираб тўкилган соғинчларни.

Турналар жанубга етиб олгандир...

Сойларнинг лабида тиниқ кулгилар

Азалий дардидан бўлгандай фориғ.

Сафдошларин қумсар ичимда бир қуш

Бу гал ҳам кетмади кўксимни ёриб.

Турналар жанубга етиб олгандир...

* * *

Менинг осмонимга гулчамбар тақди,

Видога созланган қушлар овози.

Маконсиз лўлидек о, кўчар вақти

Дарахтлар кафтига сурар хиносин.

Ҳорғин йўлакларни ювиб ўтди сел,

Куз — сира титроғи босилмаган ғам.

Либосим аланга,

Тийнатим ёмғир

Сени ёндирмадим...

Гуллатмадим ҳам.

Менинг осмонимда чақинлар сузди,

Тўфонни симирган тўлқинлар — йўлбарс.

Қайсидир онтига қасамин бузди

Мазлум қушларини учирди қафас.

Маконсиз дарахтлар кетдилар қулаб,

Либосим аланга...

Тийнатим туйғу.

Видога шайланган фасл оралаб

Кимнидир, кимнидир излаб кетди у.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер