“Халқ сўзи”да янги рукн “Бадият олами”

21:02 29 Ноябрь 2022 Маданият
679 0

Мамлакатимизда “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар силсиласида адабиётни ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш иқтидорларни кашф этиш ва тарбиялашга қаратилган ишлар бутунлай янги босқичга кўтарилди.

Зотан, инжа санъат халқнинг маънавий-руҳий озуқасидир. Бадиий сўз қудрати инсон қалбини нафақат поклайди, балки тафаккур оламини ёритади, орзу-умидлари рўёби сари қанот бўлади, уни янги-янги марралар сари рағбатлантиради.

www.xs.uz сайтимизда “Бадият олами” рукнининг ташкил этилишидан кўзланган эзгу мақсад-муддао ҳам шу. Ўқувчиларга ушбу рукн остида ёзувчи-шоирлар, адабиёт бўстонига энди қадам қўяётган ёш ижодкорлар асарларидан туҳфа этиб борамиз.

Муштарийларимизни халқимизнинг маънавий савиясини янада ошириш, дидини юксалтириш, уларни бадиий сўзнинг бепоён жилвасидан баҳраманд этиш, орзу-умидлари рўёби томон олға интилишга ундаш, руҳлантиришдек эзгу ишларга камарбаста бўлишга чорлаб қоламиз.

Сирожиддин САЙЙИД

* * *
Ёшлигинг бир-бир ўтиб бормоқдадир,
Не сеҳр, не сир — ўтиб бормоқдадир.

Вола, зор дилдирми ёки нолазор?
Лолазор қирдир, ўтиб бормоқдадир.

Ерда — ёрнинг қошлари, кўкда — ҳилол,
Мисли уч шамшир ўтиб бормоқдадир.

Ёр ҳам жайрон мисол жавлон қилар,
Қил бирор тадбир, ўтиб бормоқдадир.

Зулфлари, кокиллари айлар шитоб,
Бу қатор занжир ўтиб бормоқдадир.

Кетди сувда қўлларингдан гул тушиб,
Бул нечук тасвир — ўтиб бормоқдадир?

Тонгмидир бу ёки оқшом юлдузи?
Барчаси бирдир — ўтиб бормоқдадир.

Мавжмидир, дарёми, соҳил ё шамол,
Бори кўнгилдир — ўтиб бормоқдадир.

Неки йиллар интизор этмиш сени,
Оқу қорамтир ўтиб бормоқдадир.

Ўйлаким, ёшлик эмас, умринг аро
Ранг-баранг тақдир ўтиб бормоқдадир.

ВАТАН АБАДИЙ

Баҳрайн сувларига чайдим юзимни,
Насимлар эсдилар илиқ, арабий.
Бир осмон тўлдириб келди кўксимни,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Не зотлар ўтдилар Ватандин айро,
Севинчи савдою соғинчи саҳро.
Кўксимни тўлдириб келди бир дарё,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Бобо қирлардаги бир хас ё тикан,
Шу ҳам кимларгадир зўр армон экан.
Кўп экан зар топиб, зор бўлиб юрган,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Ким ахир бу даҳри дундан ўтмагай?
Ким ахир бир куни асо тутмагай?
Тандан жон кетар, лек Ватан кетмагай,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Ҳар тепа, ҳар дўнглик турбат эмасдир,
Ҳар қандай айрилиқ ғурбат эмасдир.
Юртдан кетган ҳар зот Фурқат эмасдир,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Олмон тупроғида бир немис аёл,
Кўзда ёш, ўзбекча айлади савол.
Халқим, нону тузинг ҳамиша ҳалол,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Ҳар кекса, ҳар ёшнинг заҳматларида,
Азим чинорларнинг ҳикматларида,
Ҳазрат Яссавийнинг хилқатларида
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Айб эмас аввалий ва ё сониймиз,
Агарчи инсонмиз вале фониймиз.
Барчамиз ушбу кун Туркистониймиз,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Аста барг тўкмоқда зарҳал оғочлар,
Умр гўё тўлар божу хирожлар.
Келиб кетар экан қанча Сирожлар,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Нодир ЖОНУЗОҚ

ЧИРОЙЛИСИЗ…

Чиройлисиз. Гўзалсиз. Мағрур.
Ташлайсиз гоҳ кўз қирингизни.
Талпинади юрак қурмағур,
Билсам дейди дил сирингизни.

Аммо сира бузмайсиз пинак,
Хотиржамсиз. Сокинсиз. Сипо.
Гўё йўқ сиз етмаган тилак,
Гўё сизда дунё бахти жо.

Ҳолбуки ҳар лаҳза бетиним
Қалбингизда отилар вулқон.
Гарчи қушдай юрсангиз-да жим,
Қонингизда ухлайди тўфон.

Бепарвосиз. Вазмин. Осуда.
Оққуш каби қиласиз пардоз.
Гўё беўй, беғамсиз жуда,
Гўё иссиқ ҳисларингиз оз.

Адашдимми ё кўнгил бериб?
Ўйлайверсам – юрагим оғрир.
Пойингизга тўкилдим эриб…
Чиройлисиз. Гўзалсиз. Мағрур.

​​БАХТ

Мен дунёга келдим,
Худога шукур –
Сиз билан ҳамнафас бўлганим учун.
Илоҳий ёғдудан ёришиб шуур,
Муҳаббат шавқига тўлганим учун,
Мен дунёга келдим –
Худога шукур.

Сизнинг бахтингизни кўрай тоабад,
Кулгингиз безасин ҳар бир дамимни.
Суюнчи қидириб уринай, фақат
Сиз ҳам асло кўрманг менинг ғамимни,
Сизнинг бахтингизни кўрай тоабад...

Меҳриноз АББОСОВА

* * *
Биламан, йўлларда руҳинг толиққан,
Давом этмоқ керак, аммо, азизим.
Чиқаверган мисол қуёш, хусусан,
Ёғаверган каби ёмғирлар сим-сим.

Давом этмоқ керак ҳар нафас бетин,
Кўнгилда заррача ҳис қилмай ҳадик.
Бир ёқдан бостириб келса-да шовқин,
Бир ёқда кутса-да баҳайбат жимлик.

Нигоҳинг тоза тут, хаёлинг пок тут,
Дунё ишларидан ахтарма маъни.
Бори мусибат-у қайғуни унут,
Ҳаёт дегани бу – давом дегани.

Давом этмоқ керак..

* * *

Уйғонмоққа ҳаққинг бор, уйғон,
Сен ҳам инсон, сен ҳам исёнсан.
Борлигингга келтиргил иймон,
Ишқдан бунёд покиза жонсан.

Бутунликка ташна эрур онг,
Лаҳзаларинг, ҳисларинг – сочма.
Худо берди: сеники шу тонг,
Сен ҳам нурсан, қуёшдан қочма!

Насрулло ЭРГАШ

*  *  *

Шунчалар паришон, шунчалар ёлғиз,
Дафъатан билмайсан тушми, рўёми –
Соҳилда ўлтирар соҳилдай бир қиз
Ширин ифорларга кўмиб дунёни.

Шеърият ўлтирар балки соҳилда;
Сирлари очилмай қолган гўзал сир.
Ёзиб бошланган-у, қолган ёзилмай,
Соҳилда ўлтирар мен ёзмаган шеър.

У шундай гўзалки, мисоли наргиз,
У шундай чиройли наргиз мисоли.
Соҳилга термулиб ўлтирар бир қиз
Ё қизга термулиб ўлтирар соҳил.

Атойи эмасман, аммо гоҳида
Қонимда анвойи ҳислар жўш урар.
Не тонг, “Бир санамким,
сув яқосинда паритек ўлтурар”...

САМОЪ

Пойимда айланар осмон,
Бошим узра Ер айланар.
Қонимда айланар исён,
Юрагимда шеър айланар.

Фалакда айланар шамшир,
Бошимда нури айланар.
Бир ёнда айланар Шамсим,
Бир ёнда Румий айланар.

Тилимда айланар исминг,
Кафтимда умрим айланар.
Бир ёнда айланар жисмим,
Бир ёнда руҳим айланар.

Айлона-айлона кетсам,
Пойимга кўк йиқилгайму?
Елкамда фаришта битган
Ул гуноҳлар тўкилгайму?

Тилимда айланар тавба,
Дилимда таскин айланар.
Кўзимда айланар қатра,
Қатрада аксинг айланар.

Боқурман фалакка ҳайрон –
Само билан Ер айланар.
Қонимда айланар исён,
Юрагимда шеър айланар...

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер